2018-09-10 12:55:16

“ЎЗБЕКНЕФТГАЗ” АЖ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россиянинг “Зарубежнефть” АЖ билан Ўзбекистоннинг узоқ муддатли конларида углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмини янада ошириш имкониятларини ўрганишга киришди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мақсадда жорий йилнинг 27-30 август кунлари “Зарубежнефть” АЖнинг бир гуруҳ мутахассислари (геология, геофизика ва конларни  ривожлантириш бўйича) Ўзбекистонда бўлдилар. Улар “Андижоннефт” АЖ мутахассислари билан биргаликда Хартум, Бўстон, Жанубий Аламишик, Наманган, Тергачи ва Шўрбулоқ конларида нефт қазиб олишни кўпайтириш имкониятларини ўрганиб чиқдилар.

Жумладан, қўшма гуруҳ жойларда таҳлил учун материалларни йиғиб олди.

Ўрганиш давомида турли технологиялар кўриб чиқилди, улар орасида электр марказдан қочирма насосларни тушириш ва қудуқларда таъмирлаш ишларининг самарадорлигини ишириш кабилар.

Ушбу ҳамкорлик “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Зарубежнефть” АЖ ўртасида нефт ва газ соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш бўйича жорий йилнинг 30 июн куни имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, томонлар қўшма гуруҳ ташкил этганлар ва икки компания мутахассислари иштирокида қўшма тадқиқот ишлари бошлаб юборганлар.

Айтиб ўтиш жоиз, “Зарубежнефть” АЖ Россиянинг стратегик аҳамиятга эга бўлган барқарор ривожланаётган нефт ва газ компаниясидир. Тарихи бой бу компаниянинг ташқи иқтисодий фаолиятда тажрибаси улкан. 

Компаниянинг асосий мақсади — Россия ва чет давлатларда мавжуд нефт ва газ конларини эксплуатация қилиш ва бунда углеводород ресурсларини максимал даражада самарали ва комплекс равишда қазиб олишни таъминлашдир.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”