2018-09-10 15:44:20

САМАРҚАНДДА АҲОЛИГА ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЎЗ ВАҚТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА

Халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, фуқаролар  яшаши учун қулай шароитлар яратиб бериш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлаш Президентимизнинг доимий эътиборида турган масалалар сирасига киради. Аслида ҳаётимизнинг тубдан яхшиланиши, турмуш тарзимизнинг кун сайин яхшиланиб бориши, жойларда коммунал хизмат кўрсатилишининг, жумладан, аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш даражасининг қай аҳволда эканлигига ҳам кўп томонлама боғлиқ.

Хўш, бу борада ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Соҳа ходимлари аҳоли талаб-эҳтиёжларини қондириш йўлида нималарга эътибор бераяпти? Умуман,  аҳоли бу тизим ишидан қониқиш ҳис этаяптими? “Самарқандгаз” ХГТ филиали бошлиғи  Шукурулло Маҳмудов билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

— Ҳудудий газ таъминоти корхонамиз томонидан аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш борасида аввалдан белгиланган чора-тадбирлар асосида иш олиб бораяпмиз, — деди Шукрулло Маҳмудов. — Вилоятимизда газ етиб бормайдиган ҳудудларда жойлашган 418 минг 753 та хонадон суюлтирилган газ билан таъминланган. Вилоятнинг табиий газ танқис бўлган ҳудудларида жойлашган 112 та мактабгача таълим муассасаси  билан шартномалар тузилиб, газ етказиб бериляпти. Қолганларига ҳам яқин орада шундай шартномалар асосида хизмат кўрсатила бошланади.

Хонадонлар ва муассасаларни  суюлтирилган газ билан таъминлашда хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши энг муҳим масалалардан биридир. Маълумки, суюлтирилган газ махсус газ маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводларидан келтирилади. Бу иш “Самарқандгаз” филиали тасарруфидаги 5 та ГТС, ГТП ҳамда учта шартнома асосида хизмат кўрсатадига хусусий ГТШлар орқали бажарилади. Баллонларга қуйилган газ махсус автомобиллар орқали аҳоли хонадонларига етказиб берилмоқда. Ишлаб чиқариш заводларидан суюлтирилган газни ташиб келтиришда хавфсиз ва қулай бўлган махсус 17 та MAN, 70 та ISUZU ҳамда 10 та ЗИЛ русумли автомашиналардан фойдаланилмоқда.

— Газ тўлдириш шохобчалари фаолиятидан “Самарқандгаз” корхонаси  мутахассислари қониқиш ҳосил қилаяптими? Умуман, олганда уларнинг ишлаб чиқариш қуввати қандай?

— Филиал тасарруфида бўлган асосий корхонамиз “Самарқанд ГТС” газ тўлдириш станциясининг  ойлик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тоннани ташкил этади. Ургут, Каттақўрғон, Пайариқ ва Пахтачи туманларидаги  газ тўлдириш пунктларининг ҳар бири эса   ойига 500 тонна газ тўлдириш  қувватига эга. Бундан ташқари, шартнома асосида фаолият кўрсатадиган  яна 3 та  газ тўлдириш шохобчалари хизматидан ҳам фойдаланамиз.   Улар Нуробод туманидаги “Темургаз” МЧЖ ГТШ, Самарқанд туманидаги  “Sam Expres Petrol МЧЖ  ГТШ, Қўшработ туманидаги “Зарбанд Равот Оил” ГТШлардир.

Вилоят ҳудудининг катталиги, айрим туманларимизда қишлоқларнинг тарқоқ, бир-биридан анча узоқда жойлашгани, айниқса, Ургут, Қўшработ ва Нурободдаги аҳоли пунктларининг туман марказидан анча олисдалиги газ етказиб беришда бир қатор муаммоларни  келтириб чиқармоқда. Биз аҳолининг фикрларин ўрганган ҳолда бундай муаммоларнинг ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада бизга жойлардаги ҳокимликлар, маҳаллалар, секторлар раҳбарлари яқиндан ёрдам беришаяпти. Нуробод ва Қўшработда хусусий газ тўлдириш шохобчаларининг йўлга қўйилгани ҳам  бу ҳудудларда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдаги бир қатор муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда. Ургут, Каттақўрғон, Пайариқ ва Пахтачи туманларидаги  газ тўлдириш шохобчалари фаолияти эса кўпчилик мижозларнинг олқишига сазовор бўлмоқда.

— Янгидан барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойларни газлаштириш ишлари қандай ҳал этиляпти?

— Мамлакатимиз Президенти Фармони асосида Самарқанд шаҳрининг Мотрид массивида 32 та ҳамда Каттақўрғон шаҳрининг Бобур ва Амир Темур кўчаларида барпо этилган иккитадан 4 та кўп қаватли ( жами 36 та)  арзонлаштирилган уйларда ҳудудий корхонамиз газлаштириш ишларини олиб бормоқда. Бундан ташқари, яна 11 та кўп қаватли уйларни газлаштириш ҳам жамоамиз зиммасида. Ҳозиргача Каттақўрғондаги  уйларда газлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди.  Тўртта кўп қаватли уй учун 0,297 километр узунликдаги газ қувури тортилди. Самарқанд шаҳрининг Мотрид массивидаги уйларда эса  қурилиш-монтаж соҳасида сўнгги ишлар бажарилаяпти.

Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев2016 йилУргутда бўлиб,  туманда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан танишиш чоғида муҳим вазифаларга эътибор қаратганди. Жумладан, туманда махсус индустриал зона ташкил этиш, саноат ишлаб чиқариши, хизмат кўрсатиш, туризм ҳамда  қишлоқ хўжалиги тараққиёти ва яна бир қатор масалалар  бўйича энг муҳим  йўналишларни белгилаб берган эди. Айнан Президентимиз раҳнамолигида ташкил этилган эркин иқтисодий зонада газлаштириш ишлари бугунги кун талаблари даражасидами?

— “Ургут-1”эркин иқтисодий зонасидаги Мерганча ва Сариқтепа массивларида ташкил этилиши режалаштирилган саноат корхоналарини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Д-219 ммли 11 километр узунликдаги  юқори босимли газ тармоғи ва 3 та саноат коллекторлари қуриб битказилди.  Ҳозирги кунда истеъмолчилар табиий газ билан таъминланмоқда. Худди шу каби ишлар “Ургут-3” ЭИЗга қарашли Пастдарғом тумани “Намуна” ГРСида ҳам бажарилди. Бу ерда ана шу ҳудуддан Кимёгарлар қўрғонидаги Дўстлик массивигача  8 килолметр узунликда юқори босимли газ қувури тортилди.

Нуробод туманининг Сазағон массивида “Ургут-2” ЭИЗни газлаштириш лойиҳа ҳужжатлари  “ГазЛойиҳа Сервис” МЧЖ томонидан  тайёрланди. Мутасадди идораларнинг экспертиза хулосаларига асосан бу ерда ҳам “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли корхоналар томонидан  қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.

— Президентимизнинг 2018 йил  16 мартдаги қарорига асосан Самарқанд вилоятининг 14 та ҳудудида кичик саноат зоналари ташкил этилган эди. Табиийки, бундай ҳудудларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжи катта бўлади...    

— Кичик саноат зоналарининг 7 тасида бугунга қадар газлаштириш ишлари тўлиқ якунланган.  Шу ўринда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича вилоятнинг 14 та туман ва иккита шаҳрида жойлашган  33 та маҳаллада олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириш ўринлидир. Жумладан, 11 та маҳалла фуқаролар йиғинларида  17 километр табиий газ  қувурларини таъмирлаш режалаштирилган. Айни дамда эса бу ишга жиддий киришилган.

— Қиш мавсумига тайёргарлик, жойларда профилактика инспекторлари учун қурилаётган уй-жойларни газлаштириш ишларига қай даражада эътибор қаратилаяпти?

— 2018-2019 йил куз-қиш мавсумига  тайёргарлик борасида бир қатор ишлар бажарилди. Масалан, ГТКлар тафтиш қилинди. Газ қувурлари босим остида синаб кўрилди. Ҳаво босими ёрдамида  тозалаш ишлари амалга оширилди. Масалан,  1008 километрдаги газ қувурларини  босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари режалаштирилган эди. Ҳозиргача бу юмуш 979 километрга бажарилди. Ер ости газ қувурларининг ҳолатини прибор усули билан текширишда ҳам шундай натижаларга эришилди. Газ қувурларини бўяш бўйича белгиланган режа эса ортиғи билан бажарилди. Қувурларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Газ қувурларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилий дастурига асосан 7 та объектда 6 километр таъмирлаш ва 9 та объектда 15,6 километр реконструкция қилиш режалаштирилган. Амалда эса ҳозиргача  6 та объектда капитал таъмирлаш, 5 та объектда реконструкция ишлари бажарилди.

Жойларда профилактика инспекторлари учун қурилаётган уйларни газлаштириш ҳам зиммамиздаги муҳим вазифалардан бири.  Бизга тушган буюртмаларга асосан йил бошидан буён 74 та шундай уйларни газлаштириш учун лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ тайёрланган. Жами 1, 673 километр газ тармоғи тортилган. Профилактика инспекторлари учун ажратилган 60 та уйда газлаштириш тўлиқ ниҳоясига етказилган.

“Самарқандгаз” ХГТ филиали томонидан амалга оширилаётган ишларни бугунги ислоҳотлар талабларига жавоб берарли даражада дейиш мумкин. Соҳа ходимларининг изланишлари, мавжуд имкониятлардан фойдаланаётганлари, асосийси, одамлар орасида бўлиб, жойларда учраётган  муаммоларни аниқлаш ва жойида ҳал этишга ҳаракат қилаётганликлари эътиборлидир.

“Туркистон-пресс” мухбири

Актамжон БЕРДОНОВ

суҳбатлашди.