2018-09-10 16:03:23

РОССИЯ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ЯДРО ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ СОҲАСИДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИ БОШЛАДИ

Ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар Россиянинг ядро тадқиқотлари миллий университети(МИФИ) базасида бакалавриат ҳамда магистратура дастурлари бўйича “Ядро физикаси ва технологиялари” йўналишида таълим олишни бошлади. Бу ҳақда “Росатом” матбуот хизматига таяниб “Халқ сўзи” онлайн хабар берди.

“Росатом” матбуот хизмати хабарига кўра, бу борада номзодларни танлаб олиш бўйича икки босқичли танлов Фанлар академияси вакиллари томонидан шу йил март ойида бўлиб ўтганди. Унда иштирок этиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 326 та ариза келиб тушди. Биринчи турда бакалавриат дастури бўйича номзодлар физика, математика ва рус тилидан ёзма, магистратурага кирмоқчи бўлганлар эса оғзаки имтиҳон топширди. Синовлар Андижон, Нукус, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилди.

Финал босқичи учун 81 номзод саралаб олинди. Сўнгги босқич Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтди. Унда 12 нафар бакалавриат, 3 нафар магистратура босқичи учун талабгор номи аниқланди.

Манбада қайд этилишича, МИФИда таълим олиш даврида ўзбекистонлик талабалар учун Россия атом саноати объектларида амалиёт ўташ имконияти ҳам берилади.