2018-09-11 13:19:07

МАҚОМ ФЕСТИВАЛИ ГРАН-ПРИСИНИ ТОЖИКИСТОН ГУРУҲИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Тожикистон Республикасининг “Мақом академияси“ гуруҳи Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжумани якунида олий соврин — Гран-при билан тақдирланди. 

10 сентябрь куни дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Оқсарой майдонидаги амфитеатрда Халқаро мақом санъати анжумани ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини учта — “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинацияси бўйича баҳолади. 

Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди. 

Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди. 

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Халқаро мақом санъати анжуманининг бош соврини —  Гран-при Тожикистон мақом академиясига берилгани эълон қилинди. Мазкур ансамблга Тожикистон халқ артисти А. Абдурашидов асос солган.

ЎзА хабарига кўра, нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди. 

“Туркистон-пресс”