2018-09-11 13:26:39

БУХОРОДА “AGRO BUSINESS BUKHARA” ХАЛҚАРО БИЗНЕС ФОРУМИ БОШЛАНДИ

“Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасида бизнес юритишнинг афзалликлари, шунингдек, вилоятнинг инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур халқаро форумда дунёнинг 18 мамлакатидан ташриф буюрган 120 дан ортиқ компаниялар вакиллари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 дан зиёд хўжалик субъектлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

ЎзА хабарига кўра,форумда Бухоро вилоятида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва биотехнологиялар, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, замонавий меҳмонхоналар қуриш, савдо ва хизмат кўрсатиш, маиший техника воситалари ва электротехника жиҳозлари ишлаб чиқариш, туризм, шунингдек, бошқа даромадли соҳаларда ишлаб чиқилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда ҳамкорлик қилишда тегишли имкониятлар борлиги маълум қилинди. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар жадал ривожланаётган туризм соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилинди. 

Форумнинг биринчи куни якуни бўйича брифинг ташкил этилди. Унда 180 дан зиёд инвесторга 1 миллиард доллардан зиёд миқдорда инвестиция лойиҳалари таклиф этилгани ва сармоядорлар билан 350 миллион долларлик шартномалар имзолангани маълум қилинди. 

Фото: Тоҳир Истатов (ЎзА).