2018-09-11 14:46:57

ЧУСТДА “ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ КУНИ” ЎТКАЗИЛДИ

Чуст туманида ташкил этилган “Ҳуқуқий ахборот куни”да 400 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак” деган принципни амалда қарор топтириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Наманган вилоятининг энг олис, чекка ҳудудларидаги аҳолини ишончли ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, халқ билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 9 сентябрь куни Чуст туманида Республика ишчи гуруҳи ва вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан “Ҳуқуқий ахборот куни” номи остида оммавий-ҳуқуқий “Адлия сайли” ташкил этилди.Бу ҳақда Адлия вазирлиги расмий сайти хабар берди.

Сайлда вилоят адлия бошқармаси, туман адлия бўлимлари, вилоятда фаолият кўрсатувчи давлат нотариал идоралари, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят ички шлар бошқармаси ва туман ички ишлар бўлими, ҳарбий қисмлар, туман ҳокимлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари, бандлик бош бошқармаси ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тиббиёт муассасалари шифокорлари, тижорат банклари, Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгаши, бошқа мутасадди ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжалиги вакиллари ўз фаолиятлари билан иштирок этдилар.

Хусусан, вилоят адлия бошқармаси, туман адлия бўлими ва давлат нотариал идоралари томонидан ташкил этилган алоҳида ҳуқуқий хизмат кўрсатиш бурчагида мерос, уй-жой олди-сотди шартномаси, гаров ва кафиллик шартномалари, бошқа нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш ҳамда уларни амалга оширишда тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисида 400 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимлари ходимлари томонидан 300 дан ортиқфуқароларга турли мавзуларда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 8 нафарфуқароларнинг мурожаатлари бошқарма ва туман адлия бўлимининг иш юритувига қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.

Тизим ходимлари томонидан кўргазмали тарғибот материалларидан самарали фойдаланилиб, сайлга ташриф буюрган фуқароларга жами 30 турдаги 400 дан ортиқ буклет ва флаерлар тарқатилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, сайлга Чуст тумани ва унга қўшни бўлган ҳудудлардан жами 5 мингдан ортиқфуқаролар ташриф буюрдилар.

“Туркистон-пресс”