2018-09-11 16:06:22

ДОНАЛЬД ТРАМП КИМ ЧЕН ИН БИЛАН ЯНА УЧРАШМОҚЧИ

АҚШ раҳбари Дональд Трамп яқинда КХДР раҳбариКим Чен Индан “илиқ ва ижобий” мактуб олганидан сўнг у билан янги учрашувни ташкил этишга қарор қилган.

Айни пайтда ҳар икки давлат вакиллари Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг навбатдаги музокараларига тайёргарлик кўришяпти. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Ким Чен Иннинг АҚШ президентига мактуби, шубҳасиз, музокараларни давом эттиришга бўлган содиқликни намоён этди”, —деди Сандерс.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда учрашувни мувофиқлаштириш жараёни олиб борилмоқда. Ўз навбатида у АҚШ раҳбарияти Шимолий Корея етакчисидан келган илиқ ва ижобий руҳдаги хатнинг тўлиқ мазмун-моҳияти ошкор этилмаслигини ҳам билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Трамп ва Ким Чен Ин ўртасидаги илк тарихий саммит Сингапурда ўтказилган. Унинг якунида ўзаро келишувга эришилган бўлиб, унга кўра, Пхеньян Вашингтон томонидан хавфсизлик кафолатлари берилиши эвазига Корея ярим ороли тўлиқ денуклеризация қилинишини билдирган. 

“Туркистон-пресс”