2018-09-11 16:25:32

ПОЙТАХТДА ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ ЯХШИЛАНМОҚДА

Жорий йил 11 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Пойтахт транспорти: кеча, бугун, эртага” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти томонидан пойтахтимизда жамоат транспортини фаолиятини яхшилаш, хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида сўз борди.

Ҳозирда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибида 9 та автобус саройи, 4 та унитар корхона мавжуд. Автобус саройлари томонидан 133 та йўналишда транспорт хизмати йўлга қўйилган бўлиб, йилига ўртача 200 миллиондан зиёд йўловчи ташилади.

Тадбирда таъкидланганидек, шаҳарда транспорт хизматини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 мартдаги 129-сонли “Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини янада ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосий дастуриламал бўлмоқда. Соҳага янгиликларни олиб кириш, замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида хорижий компания ва фирмалар билан музокаралар олиб бориляпти. Жумладан, Жанубий Корея, Миср каби давлатларнинг етакчи компаниялари билан мулоқотлар ўтказилиб, ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли автосаройларнинг ҳайдовчи ва чиптачилари орасида ишга масъулиятни ошириш, йўловчиларга маданиятли ва сифатли хизмат кўрсатиш, касб нуфузини юксалтириш мақсадида соҳа хизматчиларини махсус кийим-бош билан таъминлаш кўзда тутилиб, улар орасида маънавий-маърифий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”