2018-09-12 13:39:01

ПУЛЛИК ЙЎЛДА ТОШКЕНТДАН САМАРҚАНДГА 2 СОАТДА БОРИШ МУМКИН БЎЛАДИ

Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовнинг Cengiz — Kolin — Kalyon компаниялар консорциуми билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ  сайти  Spotга таяниб хабар қилмоқда.

Учрашувда “Самарқанд – Тошкент” йўналиши бўйича давлат - хусусий шериклик принципларида автомобиль йўлини қуриш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда янги намунадаги автомобиль йўли қурилиши ишларига жалб этилувчи тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳам иштирок этдилар. Улар келгусида лойиҳанинг бизнес-режасини тайёрлашда киритиладиган таклифларни билдиришди.

Туркиянинг  “Cengiz — Kolin — Kalyon” консорциуми билан ҳамкорликда давлат - хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари бўйича автомобиль йўли қурилишига оид инвестицион келишув турк инвесторлари томонидан тақдим этилган лойиҳалар рўйхатига кирган ҳамда Ўзбекистонга Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг жорий йил баҳоридаги ташрифи давомида имзоланган.

Биринчи пуллик автомобиль йўли лойиҳасининг миллий ҳамкори — Автомобиль йўллари бўйича давлат қўмитаси.

Туркия пудратчилар вакили томонидан таъкидланишича, лойиҳа 2 соат ичида Тошкент ва Самарқанд орасидаги масофани босиб ўтиш имконини беради.

Учрашувда лойиҳани ишлаб чиқишда магистралнинг турар-жой туманларидан ўтиши, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларига минимал таъсир ҳамда атроф-муҳит ҳолати ҳисобга олиниши кераклиги муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари 2019-2020 йилларга режалаштирилган.

Фото: Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси