2018-09-12 14:45:06

ХИВАДА “РАҚС СЕҲРИ” ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТАДИ

Хоразм вилоятида жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Рақс сўзи ўз-ўзидан нафосат, гўзаллик, жозиба каби инжа туйғулар бахш этувчи ёрқин ифодаларни етаклаб келади. Нафислик асосига қурилиб, неча асрлардан бери эзгуликка тилу забонсиз чорлаб келаётган ушбу санъат тури аслида ҳам энг дилбар туйғулар билан чамбарчас боғлиқдир. Унда миллатнинг қадим ўтмишидан тортиб бугунги турмуш тарзигача ўз аксини топади. Бир халқ ҳаётининг бадиий инъикоси дунё санъат шайдолари эътиборини жалб этиши, миллатни жаҳонга машҳур қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас, албатта.

Шу маънода, 14-16 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтадиган Халқаро «Рақс сеҳри» фестивалидан ҳам эзгу мақсадлар кўзланган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм вилояти Маданият бошқармаси ва Хоразм вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу фестиваль санъатга ихлосманд юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларда қизиқиш уйғотиб улгурди.

Фестиваль доирасида ўзбек миллий рақс санъатини дунё миқёсида тарғиб этиш, ёшлар ўртасида ва хориж санъат ихлосмандларида жозибадор миллий рақсимизга бўлган қизиқишни ошириш каби хайрли мақсадлар кўзланган. 

“Туркистон-пресс”