2018-09-13 12:13:30

БЕЛАРУСЬ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Беларусь Президенти Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

 Александр Лукашенко ушбу муҳташам майдон Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини алоҳида таъкидлади. 

Шундан сўнг олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 13 сентябрга мўлжалланган. 

Фото: БЕЛТА