2018-09-13 12:32:03

ПИСКЕНТДА БЕЛБОҒЛИ КУРАШ БЎЙИЧА ЧЕМПИОНЛАР АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Пискент тумани марказидаги аҳоли дам олиш масканида жойлашган кураш аренасида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида белбоғли кураш бўйича анъанавий Республика турнири бўлиб ўтди.

Мазкур турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 200 нафарга яқин полвонлар тўққизта  вазн тоифасида ғолиблик учун кураш тушишди. Беллашувларнинг сўнгги натижаларига кўра, қуйидаги полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолибликни тантана қилишди. Демак, биринчи ўрин соҳиблари билан танишамиз: 55 кг. 1. Холмирза Ҳасанбоев  (Тошкент ш.). 60 кг. 1. Мардон Кимсанбоев (Тошкент ш.). 66 кг. 1. Комилжон Тожибоев (Тошкент в.). 73 кг. 1. Ҳусниддин Рўзиев (Андижон). 81 кг. 1. Элдор Неъматов (Тошкент в.). 90 кг. 1. Рустам Умаров (Наманган). 100 кг. 1. Аъзамжон Анваржонов (Андижон). +100 кг. 1. Ғолиб Аҳмедов (Тошкент в.). Мутлоқ вазн. 1. Ғолиб Аҳмедов (Тошкент в.).

Беллашувлар якунига етгач, ғолиб ва совриндорлар Пискент туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси томонидан медаль, диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Равшан ДАСТИРОВ, Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси:

— Ҳар йили Мустақиллигимиз шодиёналари арафасида ўтказиладиган анъанавий турнирнинг жорий йилгиси ҳам юқори савияда ўтганлиги, кўп сонли мухлислар полвонларимизнинг ҳар бир чиқишини олқишлаб турганликлари Пискент туманида ҳам белбоғли курашнинг аҳоли орасида, айниқса, ёшлар ўртасида оммалашиб кетганидан дарак беради. Шунингдек, турнирнинг  шундай чиройли ва кўтаринки руҳда ўтишида Пискент тумани ҳокими Шуҳрат Аҳмедов ва ҳокимлик мутасаддиларига,  ҳомий ташкилотларга федерациямиз номидан миннатдорлик билдирамиз. Бугунги ўтказилган беллашувда ҳам ёш истеъдодли полвонларнинг кўплиги бизни қувонтирди. Улар келажакда миллий терма жамоамиз сафларида туриб, халқаро мусобақаларда Юртимиз шаъни ва обрўси учун муносиб издош бўлиши бор ҳақиқат.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”