2018-09-13 17:46:37

ОЙДИННИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ

Шеърият гулшани шундай бир оҳанрабоки, унга юз бурган кўнгил ҳеч қачон узоқлаша олмайди, аксинча янада талпинади, интилади.

Қашқадарёлик ёш ижодкор Ойдин Тошқувватова ҳам сўз дурларидан бир гулдаста ясаб,  шеърият мухлисларига ҳавола этишни  ният қилибди. Яқинда унинг “Отам зийнатим, Онам жаннатим” номли иккинчи шеърий тўплами “Насаф” нашриётида чоп этилди.  Бундан аввал унинг “Муҳаббатга йўғрилган Ватан” номли  илк шеърий китоби нашрдан чиққан эди. Ойдиннинг ижодига оқ йўл тилаб, янги тўпламидан жой олган айрим ижод намуналари ҳавола этилмоқда.

ОТАМ ЗИЙНАТИМ, ОНАМ ЖАННАТИМ

Улар бойлигим, улар борлигим,

Энг яқинимдир, дўсту ёрлигим.

Бошга кўтарсам келмас орлигим,

Отам зийнатим, Онам жаннатим.

 

Меҳри илиқдир, меҳнати иссиқ,

Улар ёнимдаки, бўлмагай тўсиқ.

Сизга ҳурматим айтайин аниқ,

Отам зийнатим, Онам жаннатим.

 

Ота-она доим фарзандим дейди,

Бахтини ўйлайди, ғамини ейди.

Дунёларни олиб берайин дейди,

Отам зийнатим, Онам жаннатим.

 

Яхши кўради Ойдин қизингиз,

Мен учун азиздир, босган изингиз.

Кулинг, ёруғ бўлсин юзингиз,

Отам жаннатим, Онам зийнатим.

 

ЮРАКДА АБАДИЙ ЯШАЙДИ ВАТАН!

Сендан олисларда бўлсам гоҳида,

Боғинг сайр этаман ҳатто уйқуда.

Севиб юраман юрсам ҳам қайда,

Юракда абадий яшайди Ватан!

 

Кимлар сендан йироқ, сендан олисда,

Кимлар сен учун жони қил устида.

Бу кўнгилда бир ҳис яшар аслида,

Юракда абадий яшайди Ватан!

 

Аждодларинг руҳи бўлсин, доим шод,

Эъзозлаб хотирлаймиз, оламиз ёд.

Марра фақат бизники дер ёш авлод,

Юракда абадий яшайди Ватан!

 

Сен-чун яралганмасми аслида жон,

Ўтдикми ким гадо-ю, ким эса хон.

Ўзимизга бекмиз, ўзимизга хон,

Юракда абадий яшайди Ватан!

 

Қушлар севар, гуллар севади уни,

Ҳатто кўкдан Ойи ҳам кетмайди туни.

Байрамдай ўтар унинг ҳар куни,

Юракда абадий яшайди Ватан!

 

ТИНЧЛИКДАН АЗИЗ НИМА БОР

Қайдадир тўкилмоқда қон,

Тинчлик истаб бермоқда жон.

Шукрона қилайлик шу он,

Тинчликдан азиз нима бор.

 

Олий неъматга кимдир зор,

Ҳаётин қилишиб  хор.

Тубанликдан қилмайин ор,

Тинчликдан азиз нима бор.

 

У бўлса еганинг ширин,

Ўйлаб тополмайсан сирин.

Баҳолай олмассан нархин,

Тинчликдан азиз нима бор.

 

Ишониб ўғлоннинг мардига,

Шукур қилиб ҳар бир кунига.

Тинчликнинг етайлик қадрига,

Тинчликдан азиз нима бор.

 

Кимларнинг узоқда оқмоқда ёши,

Татимасдир ҳар куни, еган оши.

Чунки хаёлида тинчлик ташвиши,

Тинчликдан азиз нима бор.

 

ОЙ ҲАМ УЯЛАДИ ЎЗБЕК ҚИЗИДАН

Тоғдан баланддир ибо-ҳаёси,

Ўзидан қизғонар ҳатто сояси.

Оврўпонинг келгайдир ҳаваси,

Ой ҳам уялар ўзбек қизидин.

 

Тун ойи мисоли тиниқ юзлари,

Камондай ҳилол қош-у кўзлари.

Ҳаммадан чиройлидир ўзлари,

Ой ҳам уялар ўзбек қизидан.

 

Меҳнатдан қочишмас, меҳнат ярашгай,

Қизғалдоқлардан бошга тақишгай.

Ор-номусни доим устун билишгай,

Ой ҳам уялар ўзбек қизидан.

 

БУНЧАЛАР ЯХШИСАН, ЭЙ ОНА ТУПРОҚ

Райҳонидан жаннатнинг иси келади,

Даштларида қизғалдоққа қирлар тўлади.

Бу Ватанга дунё ҳавас қилади,

Бунчалар яхшисан, эй она тупроқ.

 

Севаман бу юртни ҳаммадан кўпроқ,

Кетгим келмас сендан  бир қадам йироқ.

Узоқларга кетсам қийнайди фироқ,

Не учун яхшисан, эй она тупроқ.

 

Оддий бир чўпни ҳам суқсам унади,

Сенинг ҳидларингга дилим қонади.

Шу азиз юртимда кўзим ёнади,

Бунчалар яхшисан, эй она тупроқ.

 

Сенда момоларим саждагоҳи бор,

Қадринг билмаганлар бир кун бўлар зор,

Меҳринг бўлакча, сенсиз дунё тор,

Не учун яхшисан, эй она тупроқ.

 

Сени соғинаман, кулсанг куламан,

Бахт-иқболинг кўриб, қувонаман.

Ҳисса қўшсам энг бахтиёр боламан,

Бунчалар яхшисан, эй она тупроқ.

Ойдин ТОШҚУВВАТОВА