2018-09-14 12:55:09

СОДИҚ САФОЕВ ТОКИОДА САМАРАЛИ УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 13 сентябрь куни Япония ташқи ишлар вазири М.Сато, адлия вазири Й.Камикава, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Н.Сузуки, “Митсубиши” компанияси катта маслаҳатчиси М.Сасаки билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Делегациянинг ташрифи доирасида Жаҳон банки офисида Ўзбекистонга бағишланган инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Учрашувлар ва Кунчиқар юрт ишбилармонларида қизиқиш уйғотган инвестиция форумида Япония вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан таништирилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар туфайли давлат органлари фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити анча яхшиланди, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкамланиши кузатилмоқда.

Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, савдо режимини соддалаштириш, туризмни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ўзгаришларни маъқуллади. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ўз чиқишларида иқтисодиёт, банк-молия тизимини эркинлаштириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга юксак баҳо берди.

Япония расмий ва ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги ислоҳотларга кўмаклашишга, мамлакатимиз бозорида юқори технологик ва ўзаро фойдали лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон — Япония ҳамкорлиги стратегик шериклик муносабатларига асосланган узвий ва илдам алоқаларнинг янги босқичига ўтиш даврида турибди.