2018-09-14 13:50:02

САМАРҚАНДДА “ҲИНДИСТОН – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” МУЛОҚОТИНИНГ БЕШИНЧИ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

13 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг бешинчи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази томонидан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларининг етакчи тадқиқот марказлар олим ва мутахассислари иштирок этди.

Бугунги кунда Ҳиндистон давлати Ўзбекистоннинг муҳим ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқалар билан ажралиб туради.

Президентимизнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи эса бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги босқичда давом эттиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шу жиҳатдан мазкур форумда муҳокама этиладиган масалалар, билдириладиган таклифларга давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида ўтказиладиган музокаралар, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган битимлар тузишда алоҳида эътибор қаратилади.

Форум йиғилишларида Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари, барқарор тараққиётга қарши қаратилган хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, транспорт-логистика ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокама этилди.

Шунингдек, Афғонистонда барқарорликни таъминлашда минтақа давлатларининг ўрни, бу борада қўшни давлатга кўмаклашиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океанига чиқиш бўйича транспорт коридорида Ҳиндистон билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Шу сабабли “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти минтақа давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга ёрдам бермоқда.

Бешинчи мажлисда ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиб, минтақада хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган айрим таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Мажлис якунлари бўйича Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш кўзда тутилган.

Форум бугун, 14 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради.

“Туркистон-пресс”

Фото: Samarkand.uz