2013-10-11 13:03:00

АМАЛИЙ ҲАРАКАТЛАР ФУРСАТИ ЁХУД ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ САБАБЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАРИ

XXI асрда инсоният олдида кўплаб муаммо ва таҳдидлар кўндаланг бўлаётгани айни ҳақиқат. Айниқса, иқлим ўзгариши бугунги куннинг долзарб масаласига айланди. Бу ҳолатнинг сабаблари, омиллари ва унинг ечими турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётир.

Таъкидлаш лозимки, иқлим ўзгариши комплекс жараён ҳисобланиб, у муайян минтақа ёки бутун Ер юзидаги об-ҳаво шароитининг ўзгариб бориши билан боғлиқ. Чунончи, мазкур жараёнда глобал исиш ва совиш, атроф-муҳит ифлосланиши каби муаммолар муҳим ўрин тутади.

Палеоклиматологияда иқлим ўзгариши сайёрамиздаги динамик жараёнлар, жумладан, қуёш нурлари тарқалишидаги ўзгаришлар каби ташқи таъсирлар билан изоҳланади. Аммо, унутмаслик керакки, курраи заминимиз об-ҳавосида кузатилаётган кескин эврилишларга инсониятнинг хўжалик фаолияти ҳам “салмоқли ҳисса” қўшмоқда. Хўш, қачондан бошлаб антропоген омиллар сайёрамиз иқлимининг ўзгаришига таъсир қилмоқда?

Яқинда Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида ўтказилган Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (IPCC)нинг ялпи мажлисида Бешинчи баҳолаш маърузасининг биринчи қисми тасдиқланди. Ҳужжат хулосасида ХХ аср ўрталаридан бошлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришларига деярли юз фоиз инсониятнинг хўжалик фаолияти сабаб бўлаётганига алоҳида урғу берилган. “Инсоният иқлим тизимига яққол таъсир кўрсатмоқда. Атмосфера ва океандаги исиш жараёнлари, глобал сув айланишидаги ўзгаришлар, музликларнинг қисқариши, дунё океани ўртача сатҳининг ошиши, экстремал об-ҳаво ҳодисаларига инсон таъсир ўтказиши аниқланди. Тўртинчи маъруза эълон қилингандан буён башариятнинг иқлимга таъсирига оид далил-исботлар кўпайди”, — дея таъкидланган ҳужжатда.

— Ушбу маъруза хатти-ҳаракатларимиз нафақат ўзимиз, балки келажак авлодга ҳам жиддий зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи навбатдаги чақириқдир, — дейди Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Мишель Жарро.

1901-2012 йилларда ўртача глобал ҳарорат Цельсий бўйича 0,89 даражага кўтарилган. Бу 1400 йил мобайнидаги энг юқори кўрсаткичдир. Асримизнинг дастлабки ўн йиллиги ҳам кузатувлар тарихидаги ўта иссиқ давр сифатида қайд этилди. Хавотирли томони шундаки, бу жараён давом этиши прогноз қилинмоқда. Яъни, 2016-2035 йилларда сайёрамизда ҳаво ҳарорати яна 0,3-0,7 даражага кўтарилиши эҳтимолдан холи эмас.

Инсониятнинг иқлимга бевосита таъсири хусусида узоқ йиллардан бери турли фаразлар илгари сурилмоқда. Албатта, мазкур қарашлар даврлар билан бевосита боғлиқ. Жумладан, XIX асрда АҚШнинг ғарбий ҳудудлари ва Австралияда ер ҳайдаш ёғингарчиликка сабаб бўлишига оид назария мавжуд эди. Бугунги кунда саноат тараққиёти муаммонинг чуқур илдиз отишига сабаб бўляпти. Масалан, турли аэрозоллар эса об-ҳавонинг кескин совишига олиб келади.

Цемент саноатининг ҳам иқлимга таъсирини унутмаслик лозим. Бундан ташқари, об-ҳавонинг ўзгаришида ердан фойдаланиш, озон қатламининг емирилиши, чорвачилик, ўрмонларнинг ялпи кесилиши каби омиллар катта роль ўйнайди. Буларнинг барчаси бевосита инсон томонидан бош­қарилишини инобатга олсак, айни вақтда иқлимга антропоген таъсир кўлами ҳаддан ташқари ошиб кетганлигига амин бўламиз.

XIX асрнинг эллигинчи йилларидан бошлаб ёнилғилардан фойдаланиш ҳажми муттасил ўсиб келмоқда. Бунинг оқибатида ҳавода карбонат ангидрид гази миқдори кескин кўпайиб кетяпти. Агар жараён шу тахлит давом этса, асримиз охирига келиб атмосфера мусаффолигига жиддий путур етади. Атмосферада метан миқдорининг кўпайиши 2040 йилгача бўлган даврда ҳаво ҳароратининг 1,4-5,6 даражага ошишига сабаб бўлади.

Ерни суғориш, ўрмонларнинг кесилиши ва қишлоқ хўжалигининг атроф-муҳитга таъсири кучли. Чунончи, суғориладиган ҳудудда сув миқдори нисбати ўзгариши ҳеч кимга сир эмас. Ёхуд чорвачиликни ривожлантириш баробарида сайёрамиз экотизимига жиддий зарар етказилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Чорвачиликнинг узун кўланкаси” деб номланган ҳисоботида таъкидланишича, чорвачилик натижасида 18 фоиз иссиқхона газлари ҳавога кўтариляпти. Қорамолларни боқиш учун ўрмонларнинг ўрнини сунъий яйловлар эгаллаётгани ҳам иқлимга салбий таъсирини ўтказмай қолмаяпти.

Инсоният ўтган асрнинг 50-йилларидан буён турли кўринишдаги метеорологик ҳодисалар билан боғлиқ ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқда. Аномал об-ҳаво шароитлари эса кўплаб мамлакатларга бениҳоя катта ташвиш келтиряпти. Барча учун абадий совуқ ҳаво ва музликлар макони саналмиш Арктикада кўплаб муаммолар бўй чўзмоқда. Хусусан, Шимолий қутбдаги муз қоплами шиддат билан эрияпти. Шу кетишда асримиз ўрталарига келиб Шимолий Муз океани сентябрь ойида музликлардан буткул халос бўлади. Бу, албатта, жуда хавотирлидир.

1971-2010 йилларда дунё океанининг юқори қатламларида ҳарорат кўтарилган. Энг ёмони, уммон қаърида ҳам ушбу жараён кузатилмоқда. Жумладан, 3 километр чуқурликдан олинган маълумотлар уммон тубида ҳам исиш юз бераётганлигидан далолат беряпти. Олимларнинг фикрича, дунё океани қўшимча 90 фоиздан ортиқ иссиқликни “ютган” ва исиш жараёни келгусида ҳам давом этади.

Янаям хавотирли жиҳати шуки, 1901-2010 йилларда дунё океани сатҳининг ошиши 19 сантиметрни ташкил этган. Лекин сув сатҳининг ошиши ҳамон давом этмоқда. Сув таркибида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бериб, кислота миқдори кўпайиб бормоқда. Унинг водород кўрсаткичи эса саноат даври бошлангандан буён 0,1 фоизга камайган.

Иқлим ўзгариши натижасида комплекс муаммолар юзага келмоқда. Қитъаларнинг микроиқлимида туб ўзгаришлар рўй бериб, турли табиий офатлар кузатиляпти. Чунончи, яқинда Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудида, шунингдек, Европада содир бўлган сув тошқинлари фикримиз исботидир. Тўғри, мутахассислар ўртасида табиий офатлар фақат иқлим ўзгариши туфайли рўй бермаслиги хусусида мунтазам тортишувлар кетяпти. Лекин, шуни унутмаслик керакки, инсониятнинг иқтисодий манфаатлар ортидан аёвсиз қувиши она замин иқлимига салбий таъсир кўрсатаётганлиги айни ҳақиқат.

Сайёрамиз экологик мусаффолигини таъминлаш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш, биохилма-хилликни сақлаш каби йўналишларда қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Афсуски, жаҳон ҳамжамиятининг барча аъзолари ҳам ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларни сидқидилдан бажармаяпти. Айнан мазкур ҳолат ҳам муаммонинг янада илдиз отишига туртки бўлмоқда. Қолаверса, муаммо сабаблари илмий жиҳатдан ўрганилиб, пухта таҳлил қилинаётгани таҳсинга сазовор. Бироқ тадқиқотлар асосан қоғозда қолиб кетаётир.

Башарти, бугун инсоният иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмас экан, келажакда сайёрамиз жиддий экологик таҳдидлар комига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис, ҳозирдан амалий чораларни кўриш зарур.

Умид АЛИМОВ,

“Туркистон-пресс”