2018-09-14 14:12:30

ТЕННИСЧИЛАРИМИЗ ШОТЛАНДИЯДА КОРТГА ЧИҚАДИ

14 сентябрь куни Шотландиянинг Глазго шаҳрида Девис Кубоги плей-офф баҳслари доирасидаги Буюк Британия — Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтади.

Таъкидлаш лозимки, Дэвис Кубоги эркаклар терма жамоалари ўртасидаги норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланади.

14 сентябрь куни яккалик баҳсларида иккита учрашув ўтказилади. “Emirates Arena”даги илк учрашув Денис Истомин иштирокида кечади. 

Мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси мезбонларнинг иккинчи рақамли теннисчиси Дани Эвансга қарши кортга чиқади. Ўтган ҳафта якунида Чикаго “Челленжер” турнирида бош мукофотни қўлга киритган Истомин дунё рейтингида 60, унинг бугунги рақиби эса 222-ўринни эгаллаб турибди. 

 

Истомин —Эванс учрашуви Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланади. Бу баҳс якунига етиши билан иккинчи яккалик учрашуви старт олади. Унда мезбонларнинг биринчи ракеткаси Кэмерон Норри бизнинг иккинчи рақамли теннисчимиз Жўрабек Каримов билан ҳисоб-китоб қилади. Норри рейтингда 70, Жўрабек эса 434-ўринни банд этган. 

Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан Ҳумоюн Султонов, Санжар Файзиев ва Фаррух Дўстов ҳам жой олган. Терма жамоа мураббийи ва сардори Петр Лебедь.

Буюк Британия терма жамоаси таркиби эса қуйидагича кўринишга эга: Кэмерон Норри, Жей Кларк, Дэниэл Эванс, Жейми Маррей, Доминик Инглот. Терма жамоа сардори - Леон Смит.

“Туркистон-пресс”