2018-09-14 14:20:21

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ СЕУЛДА МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сеулда Корея Республикаси Ходимларни бошқариш вазири Ким Пан Сок билан музокаралар ўтказди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бўлиб ўтган учрашувларда Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н.Жўраев ҳам Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Учрашув доирасида томонлар давлат хизматини такомиллаштириш, давлат хизматчиларининг қўшимча равишда малакасини ошириш ва ўқитиш каби қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Учрашув чоғида Ким Пак Сок Ўзбекистон Республикасида кадрларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонунини ишлаб чиқишда кўмак бериш, шунингдек давлат хизматчиларини Корея Республикасида ўқитиш масалаларини муҳокама қилишга тайёр эканини қайд этди.

Учрашув якуни бўйича томонлар давлат хизмати соҳасида ахборот, тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги Корея Республикасига сафари якунлари бўйича имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижроси бўйича мукаммал ҳаракатлар режаси —“Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

“Туркистон-пресс”