2018-09-14 15:38:36

АЛИШЕР СУЛТОНОВ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИНИНГ ЎРИНБОСАРИ ЛАВОЗИМИДА ҚОЛАДИГАН БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро тузилмасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари — “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозими тугатилди. Яъни ушбу соҳадаги Бош вазир ўринбосари айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлиши ҳақида қоида чиқариб ташланди. Бу ҳақда телеграмдаги davletovuzканалига таяниб “Халқ сўзи” онлайн  хабар бермоқда.

Шундай қилиб, Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари сифатида қолади.

Эндиликда 2016 йилдан буён Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида фаолият кўрсатиб келган Баҳром Ашрафхонов «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи сифатида иш юритади.

Фото: xs.uz