2018-09-17 16:29:23

МБ: БАНКЛАР НАҚД ПУЛ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ, ҚОНУНЧИЛИККА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИЛАДИ

Ўзбекистон марказий банки 15 сентябрь куни кечқурун содир бўлган UzCard чакана тўлов тизими фаолиятидаги носозлик ҳақидаги баёнотни эълон қилди.

Дастурий носозлик натижасида банк карталари бўйича барча турдаги операциялар, жумладан,савдо терминаллари орқали тўловларни қабул қилиш ва банкоматлар орқали нақд пулларни ечиб олиш бўйича операциялар тўхтаб қолди, дейилади хабарда.

Носозлик юзага келган вақтдан МБ мутахассислари дастурий таъминот дастурчилари билан биргаликда UzCard тизими фаолиятини қайта тиклаш бўйича ёрдам кўрсатмоқда.

“Айни вақтда тизимни қайта тиклашнинг биринчи босқичи якунланди — тўлов карталаридаги қолдиқлар ҳақидаги маълумотлар базаси тикланди, иккинчи босқич — тўлов терминаллари фаолиятини қайта тиклаш — кун якунига етказилади”, — дея хабар қилди Марказий банк.

Фуқаролар зарурат туғилганида керакли миқдордаги нақд пулни олиш учун уларга хизмат кўрсатувчи банкларга мурожаат қилишлари мумкин. Бунда банк картаси очилган банкка мурожаат қилиш лозим, терминаллар фаолияти қайта тикланганидан кейин эса ҳар қандай банкнинг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин.

«Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда мамлакатнинг барча вилоятларидаги барча банк филиалларини керакли ҳажмдаги нақд пул билан таъминлаш бўйича иш олиб борди», — дейилади баёнотда.

«Марказий банк содир бўлган ҳодисани эътиборсиз қолдирмайди. Қонунчиликка Марказий банкнинг чакана тўлов тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида улар устидан назорат ўрнатиши ва фаолиятини мувофиқлашириш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи ўзгартиришлар киритиш ташаббуси илгари сурилади», — дейилади баёнотда.

“Туркистон-пресс”