2018-09-17 16:36:58

ХОРАЗМДА ХАЛҚАРО РАҚС ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги,Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар берди.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар орасида бой маданий меросимизни кенг тарғиб этиш ва шу орқали “Арт” туризмини ривожлантиришга қаратилган мазкур санъат байрамида республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари, хорижлик рақс санъати усталари, чет эллик меҳмонлар иштирок этдилар.

Тадбир муносабати билан байрамона безатилган Ичанқалъанинг қадимий обидалари, майдонлари ҳар қачонгидан гўзал ва мафтункор қиёфа касб этди. Фестиваль доирасида бу ерда Ўзбекистон рақс санъати фотокўргазмаси, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди. Хива қўғирчоқ театри, масхарабозлар, дорбозлар томошалари, турли анимацион шоулар,миллий таомлар кўргазмаси ва рақс либослари намойиши иштирокчиларга бир олам завқу шавқ улашди. Рақс санъати усталари билан ижодий учрашувлар,маҳорат дарслари,сайёр концерт дастурлари уюштирилди.

Миллий маданиятимизни дунёга танитадиган ушбу санъат фестивалининг айнан Хоразмда ўтказилаётгани бежиз эмас. Негаки, бу замин ўзининг бетакрор рақс санъати, ”Норим-норим”, ”Оразибон”, ”Бир юз бир”, ”Алиқамбар” каби дурдоналари билан бутун жаҳонда довруғ қозонган. Айниқса илоҳий мўъжиза сифатида эътироф этиладиган, жонбахш “Лазги” куйи чалинганда нафақат кекса-ю ёш юртдошлармиз, балки хорижликлар ҳам беихтиёр рақсга тушиб кетишди.

“Ўзбек-Туркман дўстлик уйи”да ўтказилган илмий-амалий анжуман жаҳон халқлари рақс санъати тарихи ва ривожланиш босқичлари,келгуси истиқболлари ҳақида қизғин фикр алмашув, мунозараларга бой бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими, Хоразм Маъмун академияси томонидан “Хоразм лазгиси” рақсини жаҳон номоддий маданий мероси репрезентив рўйхатига киритиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса дилларга жўшқинлик бахш этувчи, Хоразм рақс санъатининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган маданий меросимизнинг ноёб намунасини жаҳон саҳналаридан муносиб жой олишига хизмат қилади.

Қадим Хивада учинчи бор ўтказилаётган мазкур фестиваль нафақат юртимизнинг,қолаверса, чет эллик санъат ихлосмандларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Уч кун давом этган санъат ва нафосат байрами халқимиз маданиятининг илдизлари нақадар теранлигини яна бир бор жаҳонга намоён этди. Шу билан бирга ёш авлод қалбида ўзликни англаш, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросига чин ворислик, азалий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини уйғотди.

Фото: “Халқ сўзи”