2018-09-17 16:51:49

НАВОИЙДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътирофлидир. Кучли ижтимоий ҳимоя, имконияти чекланган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур фармонда мамлакатимизда   ногиронлиги бор шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ижтимоий инфратузилмалардан эркин ва қулай фойдаланиш, таълим олиш ва касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация  техник воситалари билан таъминлаш каби вазифалар белгилаб берилган. Навоий шаҳрида  бугунги кунда 3 минг 436 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлса, уларни соғломлаштириш, замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация  техник воситалари билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 44- сонли Навоий шаҳар тиббий меҳнат  экспертиза коммиссияси томонидан қатор-чора тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар  196 нафар фуқарога бирламчи ногиронлик белгиланган бўлса, шундан 62 нафарига қулайлик яратиш мақсадида уларнинг яшаш манзилларига бориб, ногиронлиги белгиланди. Шу билан  уларга ўз соғликларини доимий тиклаб боришлари баробарида, уларни комплекс реабилитация муолажаларини ўтказиши, ижтимоий муҳитга мослашиши мақсадида 127 нафар фуқарога даволаниш ва саломатликларини тиклаши учун  йўлланмалар берилган. Шу асосда 35 нафар ногиронлиги бор  шахслар соғломлаштирилган бўлса, 27 нафар шахсларнинг ногиронлик гуруҳлари енгиллаштирилган.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида 44-сонли Навоий шаҳар тиббий меҳнат  экспертиза коммиссияси раиси Дилора Тиловова шундай дейди:

 —  Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан,  ногиронлиги бор шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ижтимоий инфратузилмалардан эркин ва қулай фойдаланиш, таълим олиш ва касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация  техник воситалари билан таъминлаш каби ишларни ўз вақтида амалга ошириб келмоқдамиз. Бизнинг асосий вазифамиз —фуқароларга ногиронликни  белгилаш бўлса-да, ҳозирги кунда жойларда, айнан ногиронликни олдини олиш мақсадида хам тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқдамиз. Бундан кўзланган мақсад — аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қариндошлар ўртасида никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар беришдан иборат. Ўйлаймизки,  вақти билан тарғибот ишларимиз ўзи натижасини беради.

    Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги, бандликка кумаклашиш марказлари билан ҳамкорликда 37 нафар меҳнатга лаёқати бор бўлган ногиронлиги бўлган фуқароларни касбий реаблитация қилиш мақсадида бўш ўринларига йўналтирилди. Шу билан бирга 108  нафар ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари ва реаблитация техник  воситалари билан таъминланди. Ҳар бир инсон борки, юзу кўзидан соғломлик уфуриб, ўзини бахтли ҳис этиб яшашга ҳақли. Гарчи у жисмонан заиф ёки оғир хасталикни бошдан ўтказган бўлса-да ҳаётни севиши, ён-атрофига шукроналик туйғулари билан боқиши лозим. Негаки, бугунги кунда юртимиздаги ҳар бир кишининг саломатлиги ҳукуматимиз томонидан кафолатланган. Албатта, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш баробарида,  адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”