2018-09-17 17:05:12

АРГЕНТИНАГА 37 НАФАР СПОРТЧИМИЗ ЙЎЛ ОЛАДИ

Жорий йил 6-18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади.

Бундан аввалроқ МОҚ расмий сайтида Аргентинага 36 нафар ёш спортимиз йўл олиши хақида маълумот берилганди. Кеча Миллий олимпия қўмитасига Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA)дан мактуб келди. Унга кўра, бокс бўйича қизлар ўртасида -51 кг. вазн тоифасида ҳамюртимиз Хурсаной Холматова ҳам Буэнос-Айресдаги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, III ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун иштирокчилар сони бўйича аввалги барча рекордларни янгилаб берди. 2010 йили Сингапур мезбонлик қилган I ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон 21 нафар спортчи билан иштирок этган бўлса, 2014 йилда Нанкинда ташкил этилган Олимпиадада мамлакатимиз делегацияси 28 та спортчидан ташкил топганди. Буэнос-Айресга эса 37 нафар спортчи билан йўл олмоқдамиз. Демак, натижалар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.

“Туркистон-пресс”