2018-09-17 17:20:14

УНИВЕРСИТЕТНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

15 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, соҳа мутахассисларини тайёрлашнинг долзарб масалалари ва университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбирда Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук меҳмон сифатида иштирок этди. Вазир Дилмурод Набиев Беларусь Республикаси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилгани, хусусан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қишки спорт турлари ва гимнастика бўйича тренерлар тайёрлаб берадиган қўшма факультетини ташкил этилиши ва битирувчиларга қўшма диплом берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “университет” мақоми берилди.

Шу асосда университетнинг ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланди. Университет ҳудудидаги бинолар ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун 2018 - 2021 йиллар давомида маблағлар босқичма-босқич ажратилиши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда университетда истеъдодли ёшларни саралаб олиш, республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ва жамоаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетда 5 та факультет мавжуд бўлиб, бакалавр босқичида 3335 нафар, магистратура босқичида 50 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Айни пайтда университетнинг 5 та ўқув биноси, 2 та талабалар турар жойи, 2 та ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, оғир атлетика, гимнастика ва спорт гимнастика заллари, теннис, найза улоқтириш майдонлари, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, футбол ўйингоҳи фаолият кўрсатмоқда.

Келажакда университет ҳудудида 1600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 600 ўринли ўқув биносига эга бўлган гимнастика зали, 3 та спорт иншооти қуриб битказиш ҳамда футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати