2018-09-17 18:26:01

КЕЛДИЁР ХЎЖАЁРОВ: “КИНО САНЪАТИ УЛКАН БУНЁДКОРЛИККА ҚОДИР!”

 “Фаввора фильм” хусусий киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров билан суҳбат

—Бугунги кунда Ўзбекистонда кино соҳасига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қисқа вақт ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев икки марта айнан киноижодкорлар билан яқин мулоқотда бўлди, 2017 йил 7 августда соҳа ривожини кўзлаб “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Хусусий киностудияларда бу ислоҳотлар қандай қабул қилинмоқда?

—Биласизми, катта куч-қувват ва келажакка ишонч бағишламоқда. Албатта, бизда хусусий киностудиялар сони кўп. Буни ижобий ҳол сифатида баҳолаш мумкин, — дейди Келдиёр Хўжаёров. — Улар шу пайтгача давлат  ёрдамига муҳтож эдилар. Энди Президентимиз қароридан кейин ишончимиз комилки, улар фаолиятида ҳам жонланиш , ривожланишга интилиш пайдо бўлади. Бу соҳада тизимли ишларнинг йўлга қўйилиши, давлат томонидан бериладиган ижодий грантлар учун ўтказиладиган танловларда хусусий студияларнинг иштироки этиши ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради. Рақобат бор жойда ривожланиш, янгилик бўлади. Миллий киномизнинг тараққиёти учун бу ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. 

— Кино сценарийдан бошланади, томошабин онгига жойлашган фикр, хулоса ва ғоя билан якунланади, дейишади. Бугунги кунда кино ижодкорлар ва киностудиялар олдида турган вазифалар нималардан иборат?

—Биласизми, давлат ва хусусий киностудиялар олдида ҳам бир хил вазифа турибди: яъни, ўсиб келаётган ёш авлод, ёшларни тарбиялаш учун жамиятга яхши, уларни руҳлантирувчи фильмлар керак. Чунки глобаллашув даврида, интернет замонида кино санъатининг ўрни тобора ошиб бормоқда. Бугунги ёшлар ҳаётига кинонинг таъсири кучли, шу боис, миллатнинг руҳи акс этган кинолар керак бизнинг халқимиз учун. Оддий сюжетлар билан ҳозирги ёшларни қизиқтириб бўлмайди. Кинога креатив ёндашувлар лозим.

Сизнингча, кино тарғибот воситасими ёки санъатми?

—Энг аввало, кино — бусанъат. Кейин тарғибот воситаси. Лекин нимани тарғибот қилишга ҳам боғлиқ.Мана, олайлик, собиқ шўро тузуми даврида кино шу тузум мафкурасига хизмат қилган. Лекин ўша пайтда ҳам миллий руҳ акс этган фильмларимиз бўлган. Нега халқимиз ҳозиргача “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тўйлар муборак”, “Ўткан кунлар”, ёки бўлмасам, Навоий, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимиз ҳақида олинган тарихий киноларни севиб томоша қилади?. Чунки, бу фильмларда миллий маданиятимиз,маънавиятимиз ва  маърифатимиз мужассам бўлган, миллатнинг руҳи акс этган.

Эсингизда бўлса, Президент киноижодкорлар билан мулоқотда соҳадаги муаммолар, камчиликлар ҳақида очиқ-ойдин айтиб ўтди. Аслида ҳам кино санъатининг аҳамияти Мудофаа вазирлиги билан тенг юради. Яъни юксак бадиий асарларгина ёш томошабинларимизни зарарли ғоялардан асрай олади. Давлатимиз раҳбари шу учрашувда бир нарсага алоҳида урғу берди: адабиётда, санъатда, кинода бизнес деган тушунчани унутинглар, биз бу нарсага йўл қўймаймиз, дедилар.

Шу боис, кино санъатининг тарбиявий, маънавий аҳамияти ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати юқ. Биргина сўз билан изоҳлаб ўтиш мумкин: ушбу соҳа давлат миқёсида стратегик аҳамиятга эга. Хоҳлаймизми-йўқми, бу нафақат бизнинг кинога, балки дунё кино санъатига тегишли гап.

Киноиндустрия ҳақида нима дея оласиз? Кўпчилик АҚШ ва Ҳиндистон киномаҳсулотлари жаҳонни қамраб олганини таъкидлайди...

—Киноиндустрия деган тушунча ҳозирги пайтда бизда йўқ деса ҳам бўлади. Президентимиз киноижодкорлар билан учрашувда таъкидлаб ўтди:1996 йилга қадар мамлакатимизда  мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилган. Уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айлантирилиб, фаолияти буткул ўзгартирилган ёки бузиб ташланган. Бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида, 65 таси жиддий таъмирталаб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмайди. Бу ачинарли ҳолат, албатта. Бу йўналишда дунё тажрибасини ўрганиш керак.Ривожланган Европа давлатларида бўлиб ўз кўзим билан кўрдим: кичкина шаҳарларда ҳам ўнлаб замонавий техника билан жиҳозланган шинамгина кинотеатрлар бор. Бемалол кириб, мазза қилиб кино томоша қилиб чиқасиз. Кинотетарнинг ичида ҳамма шароит муҳайё.Биздаги кинотетарларга киринг ва...ўзингиз хулоса чиқараверинг.

—Кинопрокат масласи-чи?

—Хусусий студиялар учун оғриқли нуқтани тилга олдингиз.  Шу пайтгача кинопрокат тизими мутлақо қониқарсиз аҳволда эди. Буни давлат киностудияларидан кўра, хусусий студияларга нисбатан бўлган муносабатда яққол биласиз. Кинопрокатдан тушган фойданинг 50 фоиздан юқори қисми кинотеатр эгалари қўлида қолиб келмоқда. Бундай шароитда фильм ишлаб фойда топиш ҳақида айтмаса ҳам бўлади.

Лекин Яратганга шукрки, бу тизимда ҳам Президентимиз ва ҳукуматимиз қарорларига кўра жиддий ислоҳотлар бошлаб юборилди. Яқинда мамлакатимиздаги мавжуд кнопрокат тизимида кўп йиллик анъаналарни йўққа чиқарган “оламшумул” бир янгилик содир бўлди. Яъни, бундан буён киностудияларнинг мамлакатимиздаги давлат тасарруфида бўлган мавжуд кинотеатрлар билан тўғридан-тўғри алоқалари тугатилди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 апрелдаги “Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбеккино” миллий агентлиги тизимида Республика кинопрокат маркази ва уларнинг республиканинг барча ҳудудларидаги филиаллари ташкил этилмоқда. Бундан буён “Ўзбеккино” миллий агентлиги тизимидаги барча кинотеатрларни миллий ва хорижий фильмлар билан таъминлаш марказлашган ҳолда Республика кинопрокат маркази томонидан амалга ошириладиган бўлди. Эндиликда кинопрокат тизимига кирувчи барча кинотеатрларда фильмлар намойишини ташкил этиш хусусий кино ишлаб чиқарувчилар — студиялар ва дистрибьютерлар билан тузиладиган шартномалар асосида Республика кинопрокат маркази томонидан амалга оширилади. Бу аслида киноиндустрия талаби, бозор талаби.  

 

—Келдиёр ака, хусусий студияларда бугун нимага кўпроқ эҳтиёж бор — маблағгами, яхши сценарийгами ёки режиссёрга?

—Ҳар уччаласи ҳам биз учун жиддий масала. Маблағ топсангиз, қизиқарли сценарий асар ва бу ишни қойиллатиб бажарадиган режиссёр излайсиз. Хусусий бизнес  бекорга пул сарф қилишни ёқтирмайди. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган бўлиши, ҳар бир саъй-ҳаракат молиявий жиҳатдан ўзини оқлаши керак.

 Лекин бу билан хусусий студиялар фақат пул ортидан қувади, деб ўйламанг. Ватанпарварлик, миллий манфаатлар ва маънавият биз учун ҳам биринчи ўринда туради. Буни “Фаввора фильм” студияси мисолида айтишим мумкин: киностудиямиз 2012 йил апрель ойида ўз фаолиятини бошлаган. Шу пайтгача  “Сабоқ” (режиссёр Феруза Эгамбердиева), “Бурч ва муҳаббат” (режиссёр Озод Шамс), “Қора қузғун” (режиссёр Ҳилол Насимов), “Потерянное счастье” (режиссёр Феруза Эгамбердиева), “Қанотсиз фаришталар” (режиссёр Севара Халилова) номли бадиий фильмлар ва ва 50 га яқин ҳужжатли фильмларни суратга олдик, 3000 та чет эл фильмларини дубляж қилдик. Дейл Карнегининг инсонни муваффақиятга ундовчи 18та аудио асарларини ўзбек тилидаги аудиотасмаларини ўқувчиларга ҳадя этдик. Бадиий фильмларимизда ҳам, ҳужжатли фильмларимизда ҳам миллийлик, она юртга садоқат, ватанпарварлик, маънавиятни, улуғ аждодларимизни улуғлаш ғояси ва тамойиллари устун туради.

Ўзбекистон халқ шоирлари Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Омон Матчон, Ўзбекистон халқ артистлари Обид Юнусов, Отажон Худойшукуров, Изро Малаков, Ҳусан Амирқулов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тожиддин Муродов, Тоҳир Миралиевлар ҳамда  ҳамда Тошкентда туғилиб вояга етган россиялик машҳур артист Спартак Мишулин ижоди ва фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильмларимизни томошабинлар илиқ қабул қилишган. Яқинда Шаҳрисабзда ўтган халқаро мақом фестивали доирасида юртимизга ташриф буюрган АҚШлик ватандошимиз, Ўзбекистон Халқ артисти Изро Малаков билан учрашиб, унинг фильмни томоша қилгани ва жуда мамнун бўлганини эшитиб, очиғи, меҳнатимиз маҳсулидан жуда қувондим. Шунингдек, “Большое сердце Ташкента” номли рус ва инглиз тилида олинган ҳужжатли фильмимиз Россиянинг “Культура” телеканали орқали бир неча бор намойиш этилгани ҳам ижодий жамоамизни янги марраларга ундамоқда. Ҳозирги кунда ушбу фильмларимиз Қозоғистоннинг Олмота ва Беларуснинг Минск шаҳарларида ўтадиган кинофестивалларга қабул қилинган.

—“Фаввора фильм” студиясига киришда кинорежиссёр Ҳилол Насимовни кўриб қолдик. Сиз билан ҳамкорлик қиляптими?

—Ҳилол Насимов билан 2012 йилда фаолиятимизни бошлагандан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. У бизнинг студиямиз томонидан суратга олинган “Қора қузғун” бадиий фильмига режиссёрлик қилган. Яна ўнлаб ҳужжатли фильмларни ҳам биргаликда тасмага олганмиз. Ҳозир янги асар устида бирга ишлаяпмиз. Умуман, бу даргоҳнинг эшиги  барча ижодкорлар учун доим кенг очиқ.

—Келдиёр ака, “Фаввора фильм”да тарихий мавзуларга қўл уриш нияти ҳам борми?

—Дарҳақиқат, бу ўта нозик ва мураккаб иш.  Эсингизда бўлса, 2017 йил 29 декабрдаги учрашувда Президентимиз кино соҳаси мутахассисларига мурожаат қилар экан, буюк боболаримиз ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини жиддий уқтирди.

“Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизациясимарказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”, – деди Президентимиз.

Биз бу йўналишдаги ишимизни ҳужжатли фильмда синаб кўрдик: яқинда Жалолиддин Мангуберди ҳақида ўзбек, инглиз, немис ва турк тилларида ҳужжатли фильмни суратга олдик. Уни холис баҳолаш учун “Фаввора фильм” расмий веб-сайтида томошабинларга ҳавола этамиз.

Бадиий фильмларга келсак, давлатимиз раҳбари аниқ айтдилар-ку: тарихий мавзуга бағишланган фильм катта маблағ талаб этади ва бу маблағлар алоҳида қўшимча тарзда қилиб берилади. Албатта, бу лойиҳаларни амалга оширадиган режиссёрлар ўзимизда ҳам бор.

Ўрни келганда бир гапни айтай: шу ишни бизлар ўзимиз қилмасак, Ҳолливуд ёки Болливуд киностудиялари ишлаб, “улоқ”ни улар олиб кетиши мумкин. Мана, яқинда Миср тарихи ҳақида Ҳоливуд янги кино ишлаб чиқарди.

Масаланинг яна бир томони бор: хориж киностудияси “оммабоп ва ҳаммабоп” маданият нуқтаи-назаридан келиб чиқиб кино ишлайди. Биз учун энг муҳими, миллий ўзлигимиз, беш минг йиллик бой тарихимизни жаҳон киномухлисларига ҳаммага ҳавас қилса арзигулик тарзда суратга олишимиз керак. Шунда бутун олам аҳли дунёда ўзбек деган улуғ миллат ва халқ, Ўзбекистон деган шавкатли давлат борлигини билади. Бежизга Президентимиз “Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак”, дея қатъий уқтираётганлари йўқ.  Чунки,  дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.Биз бу мавзулар устида жиддий ишлаяпмиз.  

Туркистон-пресс” мухбири

 Илҳом РАҲМОНОВ суҳбатлашди.