2018-09-18 13:13:08

ХХР ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЮРТИМИЗ ТУМАН ВА ШАҲАР АДЛИЯ БЎЛИМЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЮКСАК БАҲОЛАДИ

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ХХР адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Шанхай шаҳар ва туман адлия бошқармалари вакилларидан иборат делегацияни қабул килинди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда адлия соҳасини ўрганиш, икки мамлакат адлия органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришни муҳокама килишдан иборат бўлди.  

Ташриф асносида Адлия вазирлиги, Тошкент вилояти адлия бошқармаси, вилоят туман адлия бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Хитой вакилларига вазирлик ва вилоят адлия бошқармалари фаолияти, Ўзбекистон адлия органлари тарихида илк бор ташкил этилган туман ва шаҳар бўлимлари, уларга фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича юклатилган вазифалар ҳақида маълумот берилди. 

Меҳмонлар жорий йилнинг апрель ойида ташкил этилган адлия бўлимлари томонидан қисқа муддатда эришилган натижалар билан танишиб, уларнинг фаолиятини юксак баҳолади ва вазирлик фаолиятидаги бу ислоҳотлар ҳозирги кунда барча мамлакатлар учун муҳим бўлган фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга доир вазифаларни ҳал этишини қайд этди. 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига ташриф давомида меҳмонлар унинг фаолияти билан танишиб, мамлакатимиз ҳудудида хитойлик сармоядорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи адвокатлик компаниялари ваколатхоналарини очиш масаласини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон томони мамлакатимизда хитойлик сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиш муҳим эканини қайд этиб, ушбу масалада яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. 

“Туркистон-пресс”