2018-09-18 13:22:42

ИНДОНЕЗИЯЛИКЛАР САМАРҚАНД БИЛАН ЗИЁРАТ ТУРИЗМИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛМОҚЧИ

Самарқанднинг туристик салоҳияти Индонезияда тақдим этилди. Мазкур давлатда индонезиялик ҳожиларнинг йирик туризм уюшмаси — SAPUHI аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ходими Маҳмуд Аҳмедов Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тақдимотда уюшманинг бир қанча вакиллари Ўзбекистон билан туризм соҳасида, айниқса, зиёрат туризми бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

SAPUHI уюшмаси вакиллари Ўзбекистон тур-пакетларини Умра зиёратига борадиган ҳожиларга таклиф этиб, ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.

Маълумот учун, SAPUHI ташкилоти 1997 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот 200 турфирма вакилларини бирлаштириб, биргина 2017 йилда 250 мингдан ортиқ ҳожиларни Ҳаж ва Умра зиёратига юборган.

Кўргазма давомида икки мамлакат туристик ташкилотлари ўртасида ўзаро шартномалар имзоланди. “Tara Tours”, “Dimita Transports”, “Vsitrip” каби ташкилотлар раҳбарлари ҳам Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

“Туркистон-пресс”