2018-09-18 13:43:59

САМАРҚАНДДА СПОРТЧИЛАР ВА УЛАРНИНГ МУРАББИЙЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Самарқандда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида муваффақияли иштирок этган спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирга вилоятдаги спорт федерациялари мутасаддилари, мураббийлар, спортчи-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Самарқанд вилоятиҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларни эришган муваффақиятлари билан табриклади.

Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида мазкур вилоятдан 25 спортчи иштирок этиб, ўн маротаба шоҳсупага кўтарилди.

Спортнинг юнон-рум тури бўйича курашимиз М.Абдуллаев, самбо бўйича К.Холмаматов мусобақанинг олтин, академик эшкак эшиш бўйича Д.Хурсанов, Д.Баҳриев, Ш.Нажмиев, Ш.Ҳакимов, З.Усмонов, О.Раҳимов, бадиий гимнастикачимиз Н.Усманова, миллий кураш туридан Р.Бўриев, енгил атлетика бўйича Р.Қурбонов кумуш, миллий курашчи С. Шомуродов, академик эшкак эшишда Ш.Ҳакимов, З.Усмонов, О.Раҳимов, байдарка ва каноэда эшкак эшишда Н.Тўхтасинов, самбочи қизимиз Н.Гулова бронза медалларига сазовор бўлди.

Тадбирда республикамиз, Осиё ва жаҳон ареналарида ғолибликни қўлга киритган спортчилар, мураббийлар ва ҳомий ташкилотлар вакилларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”