2018-09-18 14:05:47

ТОШКЕНТДА ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТИ БАНКИ ИШТИРОКИДА КОНФЕРЕНЦИЯ БОШЛАНДИ

Бугун пойтахтимиздаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида “Ислом тараққиёт банки гуруҳи куни“ конференцияси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар бермоқда.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажарнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари ҳамда хусусий сектор вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этмоқда.

Конференция аввалида Қуръон тиловат қилинди.

Форум очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Сухроб Холмуродов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ИТБ тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини, ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Мазкур нуфузли банк кўмагида 25 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани бунга яққол мисолдир.

“ИБР Ўзбекистонда ҳамма соҳада ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал соҳа, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, энергетика, йўлсозлик каби ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муҳим лойиҳаларни молиялаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Эндиликда инвестициявий алоқаларимиз янги босқичга кўтарилади. Бугунги анжуманда 2019- 2021 йилларда Ўзбекистон билан Стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи истиқболларини муҳокама қиламиз“, - деди ИБР гуруҳи президенти доктор Бандар Ҳажар.

Конференция доирасида техник грантлар ажратиш бўйича келишув ҳужжати имзоланиши кутиляпти.