2018-09-18 14:08:36

“НАВБАҲОР” ФК МУХЛИСЛАРИ САБАБ 25 МЛН СЎМ ЖАРИМА ТЎЛАЙДИ

PEPSI Суперлига 23-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” баҳси давомида мухлислар А. Асимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳини бир неча бор номақбул сўзлар билан ҳақорат қилишди.

Шунингдек, учрашувнинг иккинчи бўлимида мухлислар ўтирган секторлардан оммавий равишда майдонга турли буюмлар, сув идишлари улоқтирилди. Бу ҳақда Sports.uz сайти хабар бермоқда.

Қайд этиш жоизки, “Навбаҳор” мухлислари бунгача “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Нефтчи” жамоаларига қарши кечган сафар учрашувларидаги салбий хулқи учун огоҳлантирилган эди. Бироқ “Навбаҳор” ФК раҳбарияти аввалги огоҳлантиришларга қарамасдан, мухлислар билан ижобий ишлар олиб бормагани 23-тур ўйинида яққол билинди.

ПФЛ расмий сайти хабарига кўра, шуни инобатга олиб, Мусобақалар регламентининг “Клублар, клублар раҳбарлари ва футболчилар мажбуриятлари” бўлимининг 8.3 бандини, қолаверса, “Интизомий ва жарималар кодекси” 1-бўлим 5.9 бандини қўпол равишда бузгани учун аввалги огоҳлантиришлар инобатга олинган ҳолда “Навбаҳор” ФК 25 000 000 сўм миқдорида жаримага тортилди. Агар ушбу ҳолат яна бир бор такрорланса, “Навбаҳор” клуби уй учрашувларини мухлисларсиз —бўш стадионда ўтказади.