2018-09-18 15:04:38

БЎСТОНЛИҚДА AMIRSOY ТОҒ-ЧАНҒИ КУРОРТИ ОЧИЛАДИ

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Amirsoy тоғ-чанғи курорти 15 декабрь куни очилади.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов лойиҳа тақдимотида сўзга чиқиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи назорат қилиб борганини, давлатимиз Чимёнда инфратузилмаларни ривожлантириш — автойўллар, темир йўллар, электр таъминоти тармоқларини қуриш ва таъмирлашни ўз зиммасига олганини таъкидлади.

Маълумот учун, Amirsoy тоғ-чанғи курорти Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 900 гектарга яқин майдонни эгаллайди. Лойиҳада жами масофаси 21,3 км га яқин бўлган турли мураккабликдаги тоғ-чанғи трассалари тармоғини, 7 та канат йўли, сноуборд-парки, спорт мактаблари, яшаш учун бинолар ва бошқа курорт инфратузилмаларини яратиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг жами қиймати 100 млн еврони ташкил этади.

Биринчи босқичда 3 км дан узунроқ 2 та канат йўли, 12,3 км лик турли мураккабликдаги 13 та тоғ-чанғи трассаси, 2 та сунъий кўл, вертолёт майдончаси, сунъий қор ҳосил қилиш тизимлари, қишки тюбинг, «шале» услубидаги 21 та иншоот, 2 та ресторан, инструкторлик мактаби ва бошқаларни қуриш кўзда тутилган.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”