2018-09-19 15:27:20

ЎЗБЕКИСТОН МУДОФАА ВАЗИРИ АҚШ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎМОНДОНИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган АҚШнинг Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони — штат губернатори ўринбосари Жейсон Бойлз бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларига амалга оширган расмий ташрифи икки давлат ҳамкорлигида янги саҳифа очгани қайд этилди.

Мудофаа соҳасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати муҳокама этилиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш ҳамда Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш борасида фикрлар алмашилди.

Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати томонидан хабар қилинишича, Жейсон Бойлз бошчилигидаги ҳарбий делегация Қуролли Кучлар академияси фаолияти ҳамда малакали ҳарбий кадрларни етиштиришда замонавий ёндашувлар, курсантларнинг таълим олиши ва яшаши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати