2018-09-19 15:41:00

“XXI АСР АЁЛИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ҒОЛИБАЛАРИ АНИҚЛАНДИ

18 сентябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан “XXI аср аёли” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. 

Унда кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолибалари “Партия менинг тақдиримда” ва“Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар” шартлари бўйича ўзаро беллашдилар.

Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатларига, партия Дастурига таклифлар тайёрлаш, партия сайловолди Платформасида хотин-қизлар масаласида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Танловда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш каби вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси“Аёллар қаноти”нинг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар томонидан хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш, тўй-ҳашамларда ортиқча дабдабабозликка йўл қўймаслик, аёллар ўртасидаги жиноятчиликка қарши курашиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Якуний натижаларга кўра, Сирдарё вилоят шарафини ҳимоя қилган Гавҳар Ҳусанова фахрли 1-ўринни,Тошкент шаҳар иштирокчиси Дилрабо Исроилова 2-ўринни,Хоразм вилояти иштирокчиси Насиба Юсупова ва Фарғона вилояти иштирокчиси Мажнуна Шокировалар 3-ўринни қўлга киритдилар.

Танлов совриндорларига ҳамда иштирокчиларига партиянинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”