2018-09-19 16:04:36

РУСЛАНБЕК ДАВЛЕТОВ МДҲ АДЛИЯ ВАЗИРЛАРИ КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИДА ИШТИРОК ЭТДИ

2018 йилнинг 18 сентябрида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Душанбеда ўтказилган МДҲ мамлакатларининг адлия вазирлари кенгаши йиғилишда иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Унда МДҲ мамлакатларида юридик хизмат кўрсатиш соҳасида маълумот узатиш ва сақлаш бўйича энг янги технологиялардан фойдаланиш, жазони ижро этиш органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга оширишни қонуний тартибга солиш ҳамда Ҳамдўстлик давлатларида турли жиноий жавобгарликка тортиш чоралари бўйича тажриба алмашилди.

Шунингдек, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар механизмларини такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида материаллар тайёрлаш экспертларининг йиғилиши ҳамда МДҲ мамлакатлари адлия вазирлари кенгаши Ишчи гуруҳининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг инвестициявий қонунчилигида рўй бераётган ижобий ўзгаришларга юқори баҳо берди.

“Туркистон-пресс”