2018-09-19 16:07:44

“МУСТАҲКАМ ОИЛА” ДАСТУРИ БЎЙИЧА ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасини Марказий Осиёдаги минтақавий вакилликиги (UNODC) билан ҳамкорликда “Мустаҳкам оила” дастури бўйича “Гранд Орзу“ меҳмонхонасида тренинг ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирнинг мақсади “Мустаҳкам оила” дастурини келгусида кенгайтирилган ҳолда амалга ошириш бўйича тренер-стажёрлар жамоасини тайёрлашдир. Ўтказилаётган тренинг жараёнида миллий тренерлар “Мустаҳкам оила” дастурини асосий 7 сессиясини ўтказиш бўйича жамоа аъзоларини тайёрлаш учун тренинг қатнашчиларини мураббийлик кўникмаларига ўргатади хамда 4 та қўшимча сессиясини ўтказиш учун уларни тайёрлайди. Тайёрланган стажёрлар жамоаси халқ таълими мутахассисларини юқорида кўрсатилган дастур асосида Республиканинг барча мактабларида ўтказиш учун ўргатишга жалб қилинади.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, вазирлик UNODC билан 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ва уларни ота-оналари учун Тошкент шаҳридаги мактабларда “Мустаҳкам оила” дастурини самарали натижалар билан амалга ошириб келмоқда. 2016-2018 йиллар мобайнида мазкур дастур пойтахтдаги 19 та мактабда муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Ўсмирлар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган “Мустаҳкам оила” дастури, ўсмирлик даврида пайдо бўладиган ахлоқ муаммоларини, зарарли одатлар, психоактив моддаларни истеъмол қилишни олдини олиш, шунингдек, ота-оналик кўникмаларини мустаҳкамлаш ва мустаҳкам оилани шакллантиришга қаратилган.

“Туркистон-пресс”