2018-09-19 16:35:49

БАРЧА ГАЗ ТЎЛДИРИШ ШОХОБЧАЛАРИ ВА ГАЗ БАЛЛОНЛИ МАШИНАЛАР ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИЛАДИ

Бухоро вилоятида 18 сентябрь куни газ ускунали автобус портлашидан сўнг газ баллонлар билан жиҳозланган автомобиллар ва уларга хизмат кўрсатувчи газ тўлдириш шохобчалари, шунингдек, табиий газда ишловчи қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг “техник ҳолатини ҳар томонлама синчиклаб хатловдан ўтказилади. Бу ҳақда Бош вазир А.Арипов томонидан имзоланган Ҳукумат фармойишида кўрсатиб ўтилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов икки ой муддатда:

Газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари; табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказиши белгилаб қўйилган.

Хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Маълумот учун, Бухоро вилоятининг Когон туманидан ўтган А-380 йўлида Isuzu автобусига ўрнатилган газ баллонининг портлаши оқибатида беш аёл ҳалок бўлди ва 21 киши тан жароҳати олди. Портлаш автобус газ тўлдириш шохобчасидан чиқиб, 700 метрча йўл босганидан сўнг юз берган. Ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар маккажўхори йиғим-теримига кетаётган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ, Когон туманидаги ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва жабрланувчилар ва қурбонларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш бўйича ҳукумат комиссия тузилган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлигига жабрланганлар ва ҳалок бўлган фуқаролар оилаларига моддий ёрдам кўрсатиши; ҳалок бўлганларнинг жасади уларнинг оилалари яшайдиган жойга етказилиши ва дафн этилиши билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилган.