2018-09-19 16:40:27

ТОШКЕНТДА “ТАЪЛИМ ВА МУТАХАССИСЛИК” ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАСИ БЎЛИБ ЎТАДИ

2018 йилнинг 20−22 сентябрь кунлари пойтахтдаги “Ёшлар ижод саройи”да «Таълим ва мутахассислик» XIХ Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазма Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Кўргазма таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилиб, унда маҳаллий олий таълим муассасалари ҳамда АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, кўргазма давомида бозор иқтисодиёти шароитида энг рақобатбардош, талаб қилинаётган мутахассисликлар билан таништирувчи таълим дастурлари намойиш этилади ҳамда бандликка кўмаклашувчи марказлар, йирик компаниялар иштирокида «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси» ўтказилади

Мазкур кўргазманинг очилиш маросимида Ёшлар иттифоқи томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида биринчи маротаба ташкил этилган «Мен танлаган олийгоҳ» видеороликлар танловининг тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

“Туркистон-пресс”