2018-09-19 16:48:03

АҚШ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИДА БЎЛДИ

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбек бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида муфтий Ўзбекистонда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Самуэл Браунбек ўтган вақт давомида Ўзбекистонда амалга оширилган диний соҳадаги ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, инсон ҳақ-ҳуқуқлари муқаддас экани, айни пайтда бу масала мамлакатлар манфаати учун катта хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Мартабали меҳмон «Ҳазрати Имом» мажмуасидаги тарихий обидалар, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилди ва “Барақхон”мадрасасидаги ҳунармандчилик ишлари билан танишди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати