2018-09-19 16:53:54

АҚШ СЕНАТИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ ЭЛЧИСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Даниэл Розенблум 18 сентябрь куни АҚШ сенати томонидан Американинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда АҚШ сенати расмий сайтида маълум қилинган.

Сенат томонидан эълон қилинган баёнотда Даниэл Розенблум фаолияти давомида амалга оширадиган ишлар кўрсатиб ўтилган. Уларнинг энг асосийлари сифатида Афғонистонда тинчликни таъминлаш, минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашда фаоллик кўрсатиш, Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашиши йўлида ҳаракат қилиш, барча жабҳаларда ҳозиргига нисбатан кўпроқ мадад кўрсатиш, АҚШ хусусий секторини жалб этиб, инвестиция қилиш учун зарур шароит яратилишида кўмаклашиш каби вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликни тарғиб қилиш; ижобий ўзгаришларни олқишлаб, камчилик ва муаммоларни конструктив тарзда танқид қилиб, тизим яхшиланишига ҳисса қўшиш; икки халқни яқинлаштириш — турли алмашинув дастурлари, маданий ва илмий программалар орқали ёшларга имкониятлар яратиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам унинг асосий вазифаларидан саналади.

Маълумот учун, Даниэл Розенблум 2014 йилдан бери АҚШ Давлат департаментида Жанубий ва Марказий Осиёнинг дипломатияси бўйича масъул шахс сифатида иш олиб борган.