2018-09-20 13:52:15

НАМАНГАНЛИК ЁШ ФУТБОЛЧИЛАР РЕСПУБЛИКА МУСОБАҚАСИНИНГ ҒОЛИБИ БЎЛДИ

2001-2005 йилларда туғилган футболчилар ўртасида ташкил қилинган Республика мусобақасининг биринчи босқич ўйинларининг финал ўйини ўтказилди.

2001 йилда туғилган футболчилар ўртасида ўтказилган финал ўйини Ўзбекистон футбол ассоциацияси майдонида бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Наманган вилояти ҳамда Андижон вилояти жамоалари ўртасида кечган муросасиз баҳсга иккала жамоанинг мухлислари ташриф буюришди. Учрашувнинг 1-бўлимида ҳисобни Наманган жамоаси очди. Бунга жавобан 2-бўлимда Андижонликлар ҳам 1 та тўп билан жавоб беришди. Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида наманганликёшлар  яна 2 та тўп киритиб мусобақа ғолибига айланишди. Учрашувдаги умумий ҳисоб: Андижон -Наманган — 1:3. 

Финал баҳси ниҳоясига етгач мусобақанинг тақдирлаш маросими ўтказилди. Совринли ўринларни қўлга киритган Хоразм, Фарғона, Андижон вилоятлари жамоалари ҳамда ғолиб Наманган вилояти жамоасига эсдалик совғалари, диплом ҳамда мусобақа кубоги топширилди.

Эслатиб ўтамиз 2002 йилда туғилган болалар ўртасида 25-30 сентябрь кунлари, 2003 йилда туғилган болалар ўртасида 20-25 октябрь, 2004 йилда туғилган болалар ўртасида 8-13 октябрь, 2005 йилда туғилган болалар ўртасида эса 5-10 ноябрь кунлари Республика футбол мусобақаси бўлиб ўтади.

“Туркистон-пресс”