2018-09-20 14:00:59

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДА БЕЛАРУСЬ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Беларусь Республикаси адлия вазири ўринбосари Игорь Тушинский бошчилигидаги Беларусь Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон томони Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг яқинда мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи тилга олиниб, унинг доирасида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор салмоқли ҳужжатлар имзолангани қайд этилди. Олий даражадаги икки томонлама музокараларда икки мамлакат ўртасида адлия соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш зарур эканлиги таъкидланди.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллашаётгани, давлат ҳуқуқ сиёсатини амалга оширишда у алоҳида ўрингаэгалиги билдирилди.

Вазирлик тузилмасида фуқаролар ва тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ваколатини олган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги таркибий бўлинмалари ташкил этилгани, шу билан бирга, бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилиги шартларида янги инновацион Давлат хизматлари марказларини барпо этиш ишлари жадал суръатлар билан амалга оширилаётгани, марказлар томонидан 100 га яқин давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилиб, жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 1 млн. 200 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Беларусь Республикаси делегацияси адлия тизими, жумладан,Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида амалга оширилган юксак ўзгаришларни эътироф этган ҳолда Ўзбекистон тажрибасини ўзлаштириш истагини билдирди.

Учрашув чоғида меҳмонлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолига ҳуқуқий ахборотни тезкорлик билан етказиш ва замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича эришаётган ютуқлари қайд этилди.

Шунингдек, “Facebook”, “Instagram”, “Twitter”, “Odnoklassniki”, “BKontakte”, “Youtube” ижтимоий тармоқларида Адлия вазирлиги саҳифалари фаолият юритиб, ўтган 4 ой мобайнида уларга 100 мингдан зиёд фойдаланувчи ташриф буюргани, “Telegram”даги “Huquqiy axborot” каналига 112 мингдан ортиқ фойдаланувчи обуна бўлиб, ушбу канал орқали 5 мингдан ортиқ ҳуқуқий ахборот тарқатилгани тўғрисида, умуман олгандавазирлик фаолияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Тадбир якунида Беларусь делегациясиаъзолари учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги музейига экскурсия ташкил этилди.

 

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”