2018-09-20 14:23:23

ОЛИЙ СУД РАИСИ ҚЎШРАБОТ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Самарқанд вилояти Қўшработ тумани аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси расмий сайти хабар бермоқда.

Тадбир аввалида Козимжон Комилов юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, Президентимизнинг соҳага оид фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти хусусида тушунча берди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясиасосида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга.

Фармон суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди.

—Судда кимдир ютади, кимдир ютқазади, —дейди К.Комилов. —Ютган одам суднинг адолатли бўлганини гапирса, ютқазган бунинг аксини сўзлайди. Шу боис суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлашда видеоконференция, аудиоёзув ва он-лайн усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Биргина мисол, мазкур тажрибалар самарасида фуқаролик судига доир низоларнинг 71 фоизига “сўнгги нуқта”қўйилди.

Учрашув давомида қўшработликларни қийнаб келаётган, шу пайтгача ечим топилмаган масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди.

Олий суд раиси ва судьялар томонидан аҳолининг 58 мурожаати эшитилиб, 21 мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳамда тушунча берилди. Ўрганиш талаб этиладиган 37 мурожаатни кўриб чиқиш муддати белгиланди.

“Туркистон-пресс”