2018-09-20 14:56:01

ПРЕЗИДЕНТ ИНСОНПАРВАРЛИК ПРИНЦИПЛАРИГА АСОСЛАНГАН ЯНГИ ФАРМОННИ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонда таъкиланишича, 2017 йилда 18 мингдан зиёд содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг 10 мингдан зиёдига иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Фармон террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжат билан террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Унга бош прокурор Отабек Муродов раҳбар бўлди.

Фармон террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига

2018 йил 1 ноябрдан бошлаб террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқаролари Республика идоралараро Комиссиясихулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади. Комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.

 

Ўзбекистон фуқаролари ушбу фармонга мувофиқ, айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса, Жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса, тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса, тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса, жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Қабул қилинган янги фармон фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудига киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

Тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг қилмишига пушаймонлиги ҳамда айбини бўйнига олиши тўғрисидаги аризаси хорижда уларнинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилади.

Фармон билан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ жиноятни қайта содир этган шахснинг такрорий мурожаати кўриб чиқилмайди.

Комиссия томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарор барча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.Комиссиянинг ишчи органи Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади.

Мазкур янги фармон 8-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 6 сентябрдаги “Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида”ги ПФ–2712-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.