2018-09-21 13:34:55

ОЛМАЗОР ТУМАНИДА “ТАДБИРКОРЛИК МАРКАЗЛАРИ” ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани маҳаллаларида “Тадбиркорлик марказлари”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Олмазор туманининг 10 та маҳалла фуқаролар йиғинларида тажриба тариқасида тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида “Тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди.

Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

уйма-уй юриб тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларн аниқлаш ва уларга кўмаклашиш;

фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорларга Марказлар биносидан, ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан жой ажратишга кўмаклашиш;

давлат мулки объектларини “ноль” қийматида харид қилиш бўйича маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш;

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ва имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 январга қадар Марказлар фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилган ҳолда, Олмазор туманининг бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам Марказлар ташкил этилади.