2018-09-21 14:24:29

ТОШКЕНТДА СИНОВ ТАРЗИДА ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАН ЭЛЕКТРОН ОЙЛИК ЙЎЛ ЧИПТАЛАРИДАН ВОЗ КЕЧИЛАДИ

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан жорий йилнинг 20 июнидан бошлаб, қоғоз шаклидаги ойлик йўл чипталари билан биргаликда, 3 ой муддатга синов тариқасида электрон ойлик йўл чипталари (ЭОЙЧ) жорий этилган эди.

Ташкилот матбуот хизмати берган хабарга кўра, мазкур электрон тизимни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ахборот технологиялари соҳасидаги етук мутахассислар жалб қилинди. Шу тариқа, ушбу электрон тизимнинг йўловчи учун қай даражада қулайлиги, ижобий ва салбий жиҳатлари чуқур ўрганилди.

Ўрганиш натижасида, синов тариқасида йўлга қўйилган ЭОЙЧ йўловчилар учун улардан фойдаланишда бирмунча ноқулайлик туғдираётгани, бу эса эътирозларга сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Шу билан бирга, тиғиз вақтларда йўловчи томонидан тўлов амалга ошириш жараёнида чиптачига ҳам бир марталик тўловни ҳам ЭОЙЧ қўлидаги қурилма (терминал)да қайд этиш юкланганлиги, аммо бу жараён унинг кунлик режасига таъсир қилмаганлиги сабабли салбий натижа кўрсатди.

Шу билан бирга, автобусларда электрон чипталарни назорат қилиш борасида юзага келган ноқулайлик натижасида йўловчилар томонидан бундай йўл чипталаридан ноқонуний тарзда фойдаланган вазиятлар ҳам кўплаб кузатилди. Жумладан, аҳоли томонидан ўтган ойда фойдаланилган ЭОЙЧ шохобчага олиб келиб, қайта маблағ юклаш жараёни сусайиб, натижада корхона ҳисобига келиб тушадиган маблағ кескин камайишига олиб келди. Бундан ташқари, ЭОЙЧни жорий этиш жараёнида дастурий муаммолар ҳам вужудга келди.

Электрон тўлов тизимини жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад эса ҳайдовчидан кунлик режани ечиш, чиптачи ишини осонлаштириб, ҳайдовчидан фақатгина хавфсизликни таъминлаган ҳолда йўловчиларга сифатли сервис орқали хизмат кўрсатиш ҳисобланади.

Бироқ масалага нотўғри ёндашилгани сабабли, синов тариқасида ўтказилган тизим асосий муаммо бўлган нуқтада эмас, аксинча меъёрида ишлаб келаётган ойлик йўл чипталари сотиш тизими устида жорий этилгани бўлди.

“Ана шундай ҳолатлардан келиб чиқиб, қолаверса, электрон ойлик чипталарининг синов муддати якунига етганлигини инобатга олиб, тизим фаолияти келаси ойларга узайтирилмади”, дейилади манба хабарида.

“Тошшаҳартрансхизмат”АЖ томонидан жамоат транспортларида автомат тўловни жорий этиш бўйича хорижнинг етакчи компания ва фирмалари билан музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Беларусь, Япония каби давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилмоқда. “Тошшаҳартрансхизмат”АЖга чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда, Тошкент шаҳар транспорт тизимини тубдан ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилаётган Стратегияга мувофиқ янги автоматлашган тўлов тизимини жорий йилда бошлаш режалаштирилган.