2018-09-24 12:48:03

28 НАФАР НОТАРИУСНИНГ ИШ ФАОЛИЯТИ “АЪЛО” ДЕБ БАҲОЛАНДИ

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Бундай самарали ишлар изчиллигини янада ошириш, қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар шархи билан аҳолини таништириш мақсадида 21 сентябрь куни “Адлия ахбороти” номли брифинг ташкил этилди.Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Брифингда ҳафта давомида қабул қилинган бир қатор муҳим масалалар бўйича қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорлари ва Нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан “ягона дарча” тамойили бўйича битимларни тасдиқлашда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди.

Анъанага мувофиқ, брифинг матбуот анжуманига уланиб кетди.

Нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан “ягона дарча” тамойили бўйича битимларни тасдиқлашда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори асосида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу қарорнинг батафсил шарҳи бериб ўтилди.

Шу билан бирга турар жойда доимий рўйхатга олинган шахслар ҳақида маълумот олишда давлат нотариал идоралари ва ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиши тартиби белгиланганлиги ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари,тадбирда давлат нотариал идоралари нотариуслари фаолиятини баҳолаш мақсадида республика бўйича фаолият юритаётган нотариусларнинг 2018 йил 1-ярим йиллик давомидаги иш фаолияти таҳлил қилиниб, уларнинг рейтинги тузилгани маълум қилинди.

Аҳолидан нотариуслар фаолияти билан боғлиқ тушаётган шикоятларни ўрганиш асносида ўтказилган ўрганишларда кўп ҳолларда келтирилаётган важлар ўз тасдиғини топаётгани, натижада 27 нафар нотариусга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилгани айтилди.

Сўзга чиқувчилар Адлия вазирлиги томонидан давлат нотариал идоралари нотариусларининг иш фаолияти сифатини баҳолаш тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу жараёнда эса сифатли хизмат кўрсатаётган ҳамда ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётган ходимлар аниқланганини қайд этишди.

Шу билан бирга, нотариуслар фаолияти сифатини баҳолашда қонунийлик, беғаразлик, холислик, адолатлилик ва шаффофлик принципларига асосланилгани, сифатни баҳолашда нотариус томонидан расмийлаштирилган нотариал ҳаракатлар сони ва сифати, аҳолига хизмат кўрсатишда қулайлик ва тезкорлик таъминланганлиги, фаолиятидаги ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар кўлами, касбий вазифаларини бажариш даражаси ҳамда соҳани ривожлантиришдаги фаоллиги ҳисобга олинганлги айтилди.

Натижада республика бўйича 651 нафар нотариусдан 28 нафарининг иш фаолияти “аъло”, 268 нафариники “яхши”, 278 нафариники “қониқарли” ва 77 нафариники эса "қониқарсиз” деб баҳолангани маълум қилинди.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”