2018-09-25 17:16:22

Ёшларимиз жаҳон чемпионатини 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан якунлашди

Словакиянинг Трнава шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида эркин кураш бўйича баҳслар ташкил қилинди.

-125кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчимиз Ҳасанбой Раҳимов мусобақа давомида Қозоғистон, Арманистон, АҚШ вакилларини мағлубиятга учратиб, ярим финалгача етиб борди. Финал остонасида кечган жангда афсуски россиялик Сослан Хинчаговга 6:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун ўтказилган баҳсда эса эронлик Амир Надер Ярини 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, совриндорлар қаторидан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Словакиядаги жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши баҳсларида Маҳмуд Баҳшиллоев, аёллар курашида эса Актенге Кеунимжаева ва Набира Есенбаева кумуш медални қўлга киритгандилар. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан 3та кумуш ва 1та бронза медали билан қайтадиган бўлди.