2018-09-26 11:26:44

“ТАШАББУС-2018”: ЭНГ ЯХШИ ТАДБИРКОРЛАР КЕЙИНГИ БОСҚИЧДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида “Ташаббус - 2018” кўрик-танловининг туман, шаҳар босчиқлари давом этмоқда.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги “Ўзбегим” номли тантаналар залида ҳам “Ташаббус - 2018” кўрик-танловининг Чирчиқ шаҳар босқичи  бўлиб ўтди.

Жорий йилги танловнинг шаҳар босқичида “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг  яхши ёш тадбиркори” ҳамда “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишлари бўйича  ўттиздан зиёд тадбиркорлар ва  ҳунармандлар  ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Ҳакамлар  ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, саноат соҳасида   “MILK EURO FOOD” маъсулияти чекланган жамияти биринчи ўринга лойиқ кўрилди. “MEDNUR SHIFO”масъулияти чекланган  жамияти раҳбари Баҳодир Розметов хизмат кўрсатиш соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори ”га айланди. “SKAZOCHNIY MIR GARMONIY” НТМ раҳбари Жанона Аблақулова ёш тадбиркорлар орасида “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида биринчи бўлди. Моҳир ҳунарманд Наталья Хандаго эса “Йилнинг энг яхши ҳунарманди ” йуналишида биринчи ўринни қулга киритди. Энди улар “Ташаббус - 2018” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичида иштирок этишади.

 

Танлов якунида тўртта йўналишда кучли учликни эгаллаган ҳамда турли номинациялар бўйича эътироф этилган тадбиркорлар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Андрей ВАСИЛЬЕВ, “MILK EURO FOOD” маъсулияти чекланган жамияти ижрочи директори:

— Юртимизда тадбиркорларнинг эмин-эркин иш олиб боришида зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Бундай ҳимоя ва рағбат биз каби ишбилармонларга қўшимча куч ва ғайрат бағишлайди. Корхонамиз Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси бўлиб 2004 йилда ташкил топган. Бизнинг корхонамиз 14 йил ичида кичик МЧЖдан  сариёғ, маргарин ва спрэд ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги йирик ишлаб чиқариш корхонасига айланди.

Ҳозирга келиб “MILK EURO FOOD” МЧЖ қўшма корхонасида 150 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулотларимизни республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб бермоқдамиз.

2016-2017 йилларда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Энг яхши солиқ тўловчи”, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан “Энг яхши маҳсулот учун” фахрий ёрлиқ ва махсус мукофотларига эга бўлди.

2018 йил бошидан корхонамизга 30 миллиард сўмлик инвестиция киритиб, Европа ускуналарини ўрнатиб, янги ишлаб чиқариш цехини ишга туширдик. Бунинг натижасида йилига 20 000 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цех барпо этилди. Яна 20 та ишчи ўрни яратдик.

 

Эржан НИСАНКУЛОВ, “Good Stule uz” масъулияти чекланган жамият раҳбари, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида учинчи ўрин соҳиби:

— “Ташаббус-2018” кўрик-танлови тадбиркор ва ҳунармандларимизнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги, ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги бизнесларини элга танитишда, ишчанлик кайфиятини ошишида хизмат келиб келмоқда. Тадбиркорликни бошлаганимизга икки йил бўлди. Асосан хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича иш олиб борамиз. Корхона ва ташкилотларга махсус иш кийимларини, шифохоналарга чойшаблар тикамиз. Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг мактаб формаларини ҳам тикмоқдамиз. Чирчиқ шаҳридаги бир нечта мактаблардан буюртмалар олганмиз. Ҳатто Бўстонлиқ ва Қибрай туманларидан ҳам буюртма олганмиз. Бундан ташқари, аҳоли хонадонлари, ташкилотларга  жалюзи пардалар иламиз. Ведео кузатув мосламалари, домофонлар, эшик ва дарвозалар  ўрнатамиз. Айни пайтда мазкур йўналишларимизда 25 нафар ишчилар меҳнат қилишмоқда. Барча ишчиларимиз ўз касбларининг усталари саналишади. Кўрсатаётган хизматларимиздан буюртмачиларимиз мамнун. Яна тармоғимизни кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бу борада ўн йилдан буён бўш турган  бинони ажратиш мақсадида Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик.  Ушбу жой масаласи ҳам деярли  ҳал бўлган. Бу ерда асосан тикувчилик цехини ишга туширамиз. Цехда, шунингдек, жалюзи пардалар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчимиз.  Хитой давлатидан жалюзи пардалар ишлаб чиқарадиган ускуналарни олиб келиб ўрнатамиз. Мазкур корхонамиз ишга тушса 30 нафар йигит-қизларни  иш билан таъминлаймиз. Шунда ҳаммаси бўлиб 60 нафарга яқин ёшлар ишли бўлади. Мақсадимиз — тадбиркорлик фаолиятимизни йилдан-йилга кенгайтириб, юзлаб ишчи ўринлар яратиш ва маҳсулотларимиз экспортни кенг йўлга қўйишдан иборат бўлади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”