2018-09-26 14:21:41

ТАЪЛИМДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ҚЎШРАБОТЛИК ПЕДАГОГЛАРНИ ЯНГИЧА ИШЛАШГА УНДАМОҚДА

Ҳозирги кунда мактабларимизда ўқувчи-ёшларимизнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари, етук кадрлар бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Янги-янги замонавий мактаблар қурилиб фойдаланишга топширилиши билан биргаликда уларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланмоқда. Мактабларимиз ўқув дарсликлари, компъютер техникалари, техника воситалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмоқда.

—Бугунги кунда туманимиздаги 86 умумий ўрта таълим мактабларида24677нафар ўқувчи-ёшларга 2650нафар педагоглар,  “Баркамол авлод” болалар марказида 800нафар ўқувчиларга 38 нафар педагоглартаълим-тарбия бериб келмоқда, — дейди Қўшработ туман халқ таълими бўлими мудириУлуғбекМамарасулов. —Тизимдаги ўзгаришлар, янгиликлар педагогларимизни янгича ишлашга, таълим-тарбия жараёнида илғор тажрибаларни жорий этишга ундамоқда.Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари оширилди.

    2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синфларда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги 2018 йил 9 февралдаги 11-сонли мажлис баёнига асосан бошланғич синфларда ўқув ҳафтаси давомийлигининг 5 кунлик этиб белгиланиши таълим сифатининг яхшиланиши, ёшларимизнинг соғлом ўсишларида муҳим омил бўлди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида 10-11-синфлар очилганлиги муносабати билан “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик дарслари”ни ўқитишда ўқувчиларга ҳарбий қасамёд, ҳарбий иш асосларини, зарурий ҳарбий билимларни  ва амалий кўникмаларни, ҳарбий чиниқиш, руҳан бардам бўлиш, фуқаро ҳимояси ва тиббий билим асосларини эгаллаш ҳамда ҳаётда қўллай олиш лаёқатини шакллантиришга алоҳида эътибор берилди. 

Умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган илғор, билимли ўқитувчилар тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш ҳам таълим сифат-самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Бўлим методистлари томонидан ўтган ўқув йили давомида илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилди.

Таълим тизимини такомиллаштириш, сифат-самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари педагог ходимлар ва ўқувчилар ўртасида ўтказиб келинаётган турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида яққол намоён бўлди. Масалан, 2017-2018 ўқув йилида “Энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида француз тилидан 68-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Баҳодир Улашов танловнинг республика босқичида фахрли ўринни эгаллаган бўлса, она тилидан 13-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Мамасаид Бадиров кўрик-танловнинг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллади.

            Тумандаги барча таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, “Наркотик моддаларнинг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси” ижросини таъминлаш мақсадида  “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларни  тарқатилишига қарши кураш” мавзусида мунтазам равишда профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари ўтқазилмоқда. Жумладан, барча таълим муассасаларида “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган  “Умр заволи”  номли  видеофильм  юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилари ўртасида намойиш этилганлиги мақсадга мувофиқ бўлди.

            Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчилар онгида ғоявий иммунитетни шакллантиришда муҳим ўрин тутувчи “Миллий ғоя ва маънавият асослари”, “Дунё динлари тарихи”, “Ўзбекистон тарихи”, “Она тили ва адабиёт”, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” каби фанларнинг ўқитилиши бўлим методистлари ва мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари томонидан доимий назоратга олинганлиги ҳам қувонарли ҳол.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”