2018-09-26 14:30:10

НУРОБОДНИНГ НУРЛИ ОДИМЛАРИ

Нуробод тумани аҳолиси асосан чорвачилик ва  лалмикорликда деҳқончилик билан шуғулланади. Тадбиркорлик, ҳунармандчилик каби яна бир қатор соҳаларни танлаганлар ҳам анчагина. Туман ҳудудининг катталиги жиҳатидан  республикамизда юқори ўринлардан бирини эгаллайди.  Лекин қишлоқлар тарқоқ, бир-биридан анча олис жойлашган. Кейинги маълумотлар айни пайтда туман ҳудудида 145 минг нафарга яқин аҳоли  яшашини тасдиқлайди.

Мустақиллик йилларида туман ҳар томонлама ривожлана бошлади, асрлардан буён қақраб ётган ерларнинг бир қисмига сув чиқарилди, қишлоқлар ободонлашиб,  аҳоли турмуш фаровонлиги яхшиланди. Бугун туманнинг бепоён дашту далаларида, чўлу биёбонларида, тоғлар бағридаги сўлим масканларида барча соҳаларда катта ўзгаришлар сари дадил қадам ташланмоқда.

Нурободда бўлганимизда туман ҳокими Фахриддин Зойиров Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 17-18 март кунларидаги Самарқандга ташрифи давомида Нуробод туманида ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишларга ҳам эътиборини қаратганлиги хусусида гапирди.

—Жумладан, Пастдарғом туманида бўлган йиғилишда Нуробод марказини республика аҳамиятидаги автотрассалар билан боғловчи йўлларни таъмирлаш муҳим вазифа эканлигини айтиб, бу борадаги мавжуд муаммолар ечимига эътиборимизни тортди, — деди ҳоким. — Бир пайтлар ўнқир-чўнқирга айланиб қолган йўлларимизнинг бир қисми бугун равонлашди. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида биргина йўл эмас, бошқа соҳаларда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Масалан, ташриф давомида берилган топшириқлар ҳамда 2018-2019 йилларда Нуробод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари  асосида иқтисодиётнинг  асосий тармоқларида  87 та умумий қиймати 2342,4 миллиард сўм бўлган лойиҳалар ишга туширилиши, бунинг натижасида 1024 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган эди. Бугун айнан шу лойиҳаларни ишга тушириш бўйича жадал ишлар олиб борилаяпти.

Дарвоқе, туманда хорижий давлатлардан инвестициялар киритиш ҳисобига иқтисодиётни ривожлантириш, жойларда янги иш ўринлари яратиш ҳаракатида кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Масалан, Жом қишлоғидаги “Жом мармар” шўъба корхонаси фаолиятини тиклашдан мақсад айнан шундай муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилган. Айни пайтда  “Ўзқурилишматериаллари” акционерлик жамияти, “Алоқабанк” ва “Азия Альянсбанк” биргаликда  бу масаланинг ечими билан шуғулланмоқда.

Шунингдек, мазкур қишлоқ атрофидаги конлардан самарали фойдаланиш мақсадида янги корхоналар ташкил этиш масаласини  туманни ривожлантириш  дастури лойиҳасига қўшиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига  таклиф киритилган. Бунинг учун “Самарқанд Магма Стоун” МЧЖ томонидан 18,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида бажарилаётган ишлар ҳам мақтовга арзигулик.

Жорий йил бошидан бери туманга 71 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилган. 2018-2019 йилларда инвестиция дастурига киритилган 7 та лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий  қиймати 234,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши  натижасида 570 та янги иш ўрни яратилади.

Мазкур лойиҳалар қаторидан ўрин олган иккита замонавий иссиқхона ташкил этилишининг ўзига 3600 минг АҚШ доллари сарфланади. Бу маблағнинг 700 минг АҚШ доллари тадбиркорлар сармоясини ташкил этади. Тижорат банклари кредитлари миқдори 2900 минг АҚШ долларига тенг бўлади. Ушбу икки лойиҳа 100 та янги иш ўрни яратилишига имкон яратади. 3 та интенсив боғ яратилиши туман иқтисодиётининг ривожланишида, аҳоли турмуш даражасининг ошишида муҳим роль ўйнайди. 2018 йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги давлат мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 477,3 миллион сўмлик жиҳозлар олиб берилди.

Нуробод дашт ҳудудидаги чорвачилик тумани бўлса-да, бу ерда саноат ривожига катта эътибор берилади. Масалан, айни пайтда туман марказида  қувур ишлаб чиқариш ва яна бир неча корхоналар ишлаб турибди. Туманда ҳадемай саноат соҳасида яна бир йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу ерда йилига 2000 тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона бунёд этилмоқда. Аниқроғи, “Навоий металмаш” МЧЖ (“ASIA CEMENT”MCHJ) томонидан 210100 минг АҚШ долларига тенг лойиҳа амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, бу лойиҳа учун Хитой давлатидан 197400 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 350 та янги иш ўринлари яратилади.

—“Ургут-2” эркин иқтисодий зонасининг  ҳудуди туманимизнинг Сазағон массивида жойлашган, — дейди ҳоким Фахриддин Зойиров. —Айнан шу ерда 6 та йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, шу ҳудудда барпо этиладиган “Oil Extraction” МЧЖ шаклидаги  қўшма корхона  пластмасса идишлар ва ўсимлик мойини қадоқлаб ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Унинг йиллик қуввати 18 минг тонна мой, 720 минг дона полиэтилен идишлари ҳамда уларга 900 минг дона қопқоқ ишлаб чиқаришга тенг бўлади. Лойиҳа қиймати  2542 минг АҚШ доллари бўлган ушбу корхона 2018 йилнинг учинчи чорагида ишга туширилади.

Мазкур эркин иқтисодий зона ҳудудида бунёд этилаётган “Mirankul construktion materials LTD” МЧЖ корхонасида йўлаклар учун кафель, метал шпалерлар, вентиляцион тизимлар, электр шитлар ва кесишувчи стерженли конструкция тизимларини ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 3019,7 минг АҚШ  доллари бўлган мазкур корхона жорий йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб фаолият кўрсата бошлайди. Бу ерда яратиладиган иш ўринлари 54 тани ташкил этади.

“Ургут-2” эркин иқтисодий зонасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 22 миллиард сўмга, йиллик экспорт ҳажми 3,3 миллион АҚШ доллари миқдорида мўлжалланаётган яна бир корхона барпо этилмоқда.  “ TESPACK ENGINEERING”  МЧЖ шаклидаги  бу корхона полиэтилен идишлар ва полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ушбу корхонанинг лойиҳа қиймати 1893,5 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бу корхона ҳам жорий йил охирида ишга туширилади ва 44 та иш ўрни яратилади.

Айнан шу ҳудудда йилнинг сўнгги чорагида ишга туширилиши режалаштирилаётган янги корхоналардан бири “Librikants”да юк автобиллари шиналари ишлаб чиқарилади ва реставрация қилинади. Унинг йиллик қувватига эътибор қаратайлик: 86400 дона юк автомобиль шинаси, 8640 тонна мотор ёғи, 8640 тонна антифриз ишлаб чиқариш.

Туманда Халқаро молия ташкилотлари кредит линиялари ҳисобидан амалга ошириладиган чорвачилик ва мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳалар учун бугунги кунда умумий қиймати 15045 минг АҚШ доллари қийматидаги  12 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилганлиги эътиборли ҳолдир.

Яна бир диққатга сазавор ҳолат. Биргина чорвачилик йўналишида 775 минг АҚШ долларига тенг 4 лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирда мазкур лойиҳалардан учтаси молиялаштирилиш арафасида.  Қиймати 10,4 миллион АҚШ доллари бўлган 8 та лойиҳа ҳужжатлари банк томонидан тўлиқ тасдиқланиб, Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига маблағ ажратиш учун юборилган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида берилган  топшириқлар ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида  2018 йил туманда  тижорат банклари кредитлари ҳамда ташаббускор корхоналарнинг ўз маблағи ҳисобидан  амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар 9 та бўлиб, уларнинг жами лойиҳа қиймати  15,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 191 та янги иш ўрни яратилади.

Нурободнинг бепоён ҳудуди, сарҳадсиз яйловлари, залворли тоғлари, одамлар қадами узилмайдиган зиёратгоҳлари азалдан меҳмонлар эътиборини тортиб келган. Бу эса ўз-ўзидан ички туризмни ривожлантириш борасида каттагина имкониятлар мавжудлигидан далолатдир. Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан айнан шу жабҳаларда туманда бажарилаётган ишлар билан қизикдик.

—Нурободда азалдан ички туризмга эътибор қаратилган, — деди ҳоким. — Одамлар диққат-марказида бўлган бир қатор зиёратгоҳларни туманимиздагина эмас, мамлакатимизнинг узоқ ҳудудларида ҳам билишган. Масалан, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳидан одамлар қадами узилмаган. Араб ота, Қўчқорли ота, Остона бобо, Ялангоёқ эшон бобо каби зиёратгоҳлар ҳам маҳаллий аҳоли томонидан доимий қадрланган.

Туман ҳудудидан А-378 халқаро автомагистрал йўли ўтганлиги эса ички туризмни ривожлантириш борасидаги имкониятларни янада оширади. Йўл бўйлаб оддийгина ёнилғи қуйиш шохобчалари ва яна бошқа хил хизмат турларини йўлга қўйиш унчалик қийин иш эмас. Энг асосийси, бу  ишга тадбиркорларни жалб этиш ва улар учун керакли шароитларни яратиб бериш. Бугун туман ҳокимлиги айни шу соҳада изланишлар олиб бормоқда. Бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланиб олинган.  

Баҳор чоғларида эса Нуробод тоғлари, яйловлари ниҳоятда гўзаллашади, ҳавоси эса бирам беғубор бўладики, бундай дамларда  табиат қўйнидан асло узоқлашгинг келмайди.  Албатта, буларнинг ҳаммаси ички туризмни ривожлантириш борасидаги имкониятлари оширади.

Нурбулоқ қўрғони ва Нуробод шаҳри атрофларида шифобахш ер ости сувлари мавжуд. Нурбулоқдаги сув билан даволаш шифохоналари ишлаб турибди ҳам. Улар ишини янада яхшилаш, сонини кўпайтириш эса нафақат ички туризм ривожига, балки сиҳатгоҳларга хорижликларнинг келишига имконият яратади.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”